“Толибон” эгаллаган Афғонистонни кимлар бошқариши айтилди 

Олам

image

“Толибон” ҳаракати раҳбарияти Афғонистонни бошқариш учун кенгаш тузмоқчи. Унга 12 киши, шу жумладан, собиқ Президент Ашраф Ғани ҳукуматининг баъзи аъзолари ҳам киритилади. Бу ҳақда “Foreign Policy” журнали ҳаракат раҳбарларига яқин манбаларга таяниб хабар берган.  

Маълумотларга кўра, кенгашдаги энг нуфузли уч киши – “Толибон” сиёсий қаноти раҳбари Абдул Ғани Бародар, “Толибон” ҳарбий комиссияси раҳбари — ҳаракат асосчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли Муҳаммад Ёқуб, шунингдек, “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳининг “дала қўмондони” ва раҳбари Сирожиддин Ҳаққоний бўлиши керак. 

Таъкидланишича, “Толибон” Афғонистонда Президент ёки бошқа ягона раҳбар лавозимини тиклашни хоҳламайди. Улар АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ҳукуматнинг олдинги аъзоларига ўзлари танлаган янги кабинетда вазир лавозимларини таклиф қилмоқчи. 

Қайд этилишича, толиблар машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъудни ҳам таркибда кўришни хоҳлайди. Аммо, нашрнинг таъкидлашича, бу эҳтимолдан йироқ, чунки Масъуд ҳозирда Афғонистоннинг Панжшер вилоятида жойлашган “Толибон”га қаршилик кўрсатиш кучларини бошқаради. 

Қайд этиш керакки, бугунги кунда Афғонистонда толибларга қарши ягона уюшган ҳаракат бу Панжшер вилоятидаги кучлар бўлиб турибди.

Панжшер — “Толибон”га бўйсунмаган ягона вилоят

Ушбу вилоят Афғонистоннинг шарқида жойлашган бўлиб, у ерда тахминан 150 минг аҳоли яшайди. Қайд этиш керакки, вилоятнинг 98 фоиз аҳолиси этник тожиклардан ташкил топган. Панжшерда “Толибон”га қарши кучлар тўпланаётгани ҳам айтилмоқда ва ҳозирда ушбу провинция толибларга қаршилик кўрсатиш маркази бўлиши тахмин қилиняпти.

Бу ерда Афғонистоннинг бир қатор нуфузли сиёсий фигуралари жамланган: мамлакатнинг 1992-1996 йиллардаги Мудофаа вазири, машҳур “дала қўмондони” Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд, биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ, Маршал Aбдул-Рашид Дўстум ҳамда унинг ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум. Панжшерда аллақачон "Шимолий альянс" байроғи кўтарилган.

"Толибон" позицияларига қарши ҳужумга ўтган қаршилик кучлари бир қанча туманларни эгаллашга ҳам муваффақ бўлди.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

268

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг