Афғонистондаги курьерлардан 5,3 кг “опий” олган икки шахс ушланди (видео)
Crime
−
12:44 440 1 minute
Сурхондарё вилоятида 5 килограмм 362 грамм “опий” моддасини сотишга уринган икки нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 1972 ва 1995 йилларда туғилган, Термиз шаҳрида яшовчи икки нафар фуқаро шартли харидорга 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 5 килограмм 362 грамм бўлган “опий” моддасини сотаётган вақтда ушланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гиёҳвандлик воситалари уларга қўшни Афғонистондаги наркокурьерлар томонидан етказиб берилган.
Қайд этилишича, ушланган шахсларнинг бири муқаддам ўғрилик, иккинчиси эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 2 килограмм “опий” экстракти, 550 грамм “гашиш” ва 100 грамм “мефедрон” мусодара қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All