Тихановская Байдендан сўнг Буюк Британия Бош вазири билан учрашди
Олам
−
04 Август 2021
3203Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Лондонда Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашди. Бу ҳақда ТАСС хабар берган.
Таъкидланишича, Даунинг-стритда бўлиб ўтган суҳбат чоғида Жонсон “Беларусда фуқаролик жамияти ва демократияни” қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Биз, албатта, сиз тарафдамиз. Сиз қилаётган ишни фаол қўллаб-қувватлаймиз. Сизни кўрганимдан хурсандман”, деган Жонсон Тихановскаяга мурожаат қилиб.
Ўз навбатида, Тихановская Жонсон билан учрашув “илиқ муҳитда” ўтганини айтган.
“Дунёнинг энг нуфузли давлатларидан бири Беларусни қўллаб-қувватлаётганини билиш жуда муҳим”, деган у.
Тихановская, шунингдек, ўзи ва Британия Бош вазирини “умумий демократик қадриятлар” бирлаштириб туришини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден 28 июль куни Светлана Тихановская билан учрашганди. Тихановскаяга кўра, учрашув 15 дақиқа давом этган. У Президент Байденни Беларусни демократияга зўравонликсиз ўтишнинг муваффақиятли намунаси қилиш учун ёрдам беришга чақирган.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси