Тезкор! Харьковдаги ўзбекистонлик талабалар метрога эвакуация қилинмоқда (видео)
Олам
−
24 Февраль 2022
16732Украина шарқидаги Харьков миллий техника университетида таҳсил олувчи ўзбекистонлик талабаларнинг бир қисми эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Украинадаги талабалардан бири Хушнуд Ўткиров QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Харьков миллий техника университетида таҳсил олувчи 20 дан ортиқ ўзбекистонлик талабалар ётоқхонасидан 300 метр узоқликдаги Пушкин метросига эвакуация қилинмоқда.
Аслини олганда Хушнуд Ўткиров биз билан видеоконференцалоқа орқали мулоқот қилмоқчи эди. Техник имкониятларни синовдан ўтказаётганимизда, 3-5 дақиқа оралиғида, Хушнуд биз билан мулоқот қилолмаслигини, зудлик билан бинони тарк этиши кераклиги ва уларни эвакуация қилишаётганини айтди.
"Узр. Бизни эвакуация қилишяпти. Метрога!", деб ёзди дастлабки хабарда Хушнуд Ўткиров.
Бироздан сўнг у Харьковдаги Пушкин метро бекатидан алоқага чиқди, суратлар ва видеоларни юборди.
Хушнуд Ўткировга кўра, Харьков миллий техника университетида жами 50 га яқин ўзбекистонлик таълим олмоқда.
“Агар қайтиш имкони бўлса, Ўзбекистонга қайтамиз”, дейди Хушнуд Ўткиров.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ортидан мурожаат билан чиқди. Унга кўра, дипломатик идора томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, элчихона Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни ўз Ватанларида масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишни тавсия қилди.
“Uzbekistan Airways” АЖ эса Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан Киевга парвозларни бекор қилди.
LiveБарчаси