“Эвакуация режаси ишлаб чиқилмоқда”. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларга мурожаат билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Бу элчихона Матбуот хизмати хабар берди.

“Украинадаги вазият кескинлашгани ва фавқулодда ҳолат жорий этилганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда.

Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари Элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.

Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари паспорт маълумотларини Элчихонанинг [email protected] электрон манзилига юборишлари сўралади.

Украинада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тинчлик сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда Элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз”, дейилади мурожаатда.

Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Киев Харьков шаҳарларига ракета зарбалари берилганини маълум қилди.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай, Украина ҳаво ҳудуди бутунлай, Россия ҳаво ҳудуди эса қисман (фақат Ростов вилоятида) ёпилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

282

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг