Элчихона Украинадаги ўзбекистонлик талабаларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
24 Февраль 2022
10609Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни ўз Ватанларида масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу ҳақда элчихона Матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси талаба-фуқароларининг Ўзбекистонга вақтинчалик жўнаб кетиш ҳолатларида Украина олий ўқув юртларида ўқишларини сақлаб қолиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлари муносабати билан элчихона қуйидагиларни маълум қилади.
Украина Таълим ва фан вазирлиги 2022 йил 25 январдаги 1/1266-сонли ва 2022 йил 15 февралдаги 1/2588-22-сонли хати билан Украинанинг барча олий ўқув юртларига масофавий таълимни жорий этишни тавсия қилди. Талабалар ўқишни мустақил равишда тарк этиш истагини билдирган ҳоллар бундан мустасно, ҳар қандай сабабга кўра.
Ушбу қоида тиббиётдан ташқари барча мутахассисликлар талабаларига тегишли.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда ҳаво қатновида кузатилган узилишларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси талабаларига ўз ватанларида ўқишни масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқиш тавсия этилади”, дейилади мурожаатда.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан “Uzbekistan Airways” АЖ Киевга парвозларни бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси