“Техник хатолик”. ИИВ Мубашшир Аҳмад бошқа модда бўйича қидирилаётганини маълум қилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов диний олим ва блогер – “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Аҳмадович Турсунов) Жиноят кодексининг 2442-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилганини маълум қилган эди. Эндиликда эса Мубашшир Аҳмад юқоридаги моддада назарда тутилган жиноятда гумонланмаётгани, ахборот тарқатишда техник хатоликка йўл қўйилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ'га бугун, 21 февраль куни маълум қилди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан 2023 йил 11 августда 1974 йилда туғилган фуқаро Алишер Турсунов (тахаллуси Мубашшир Аҳмад)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2443-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ўша йили 29 августда унга нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси қўлланиши шарти билан қидирув эълон қилинган.

“Шахсга қидирув эълон қилинганлиги ҳақидаги ахборот Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бош марказига киритиш жараёнида Жиноят кодексининг 2442-моддаси сифатида ёзилган бўлиб, техник хатога йўл қўйилганлиги аниқланган. Ҳозирда ахборот тўғриланган”, дейди ИИВ воизи.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг август ойида таъсисчиси Мубашшир Аҳмад бўлган "Azon.uz" сайти  ўз фаолиятини тўхтатганди. Шундан сўнг Алишер Турсунов Туркияга кетиб, ўша ерда “Azon Global” порталида ишини давом эттираётган эди. 2023 йилнинг 28 декабрь куни эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси Мубашшир Аҳмад Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан олиб кетилиб, Истанбул вилояти Чаталжа туманида жойлашган Бинкилич депортация марказига жойлаштирилгани маълум бўлди. Кейинроқ, 2024 йил 21 февраль куни  Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Мубашшир Аҳмад депортация марказидан оиласи бағрига қайтганини хабар қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ Мубашшир Аҳмад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг