ТДТУда “НБ” ва “2” олган талабалар тизимдан норози. Университет раҳбарияти нима дейди? (видео)
Жамият
−
22 Ноябрь 55505 3 дақиқа
QALAMPIR.UZ’га Тошкент давлат тиббиёт университетида 21 ноябрь куни талабалар “НБ” ва “2” баҳоларини ёпиш мақсадида эрталаб соат 07:00 дан бошлаб навбатда тургани, тест тизими ишламай, талабалар эса марказдан чиқариб юборилгани бўйича мурожаат келиб тушди.
Мурожаатга кўра, тест натижалари 0,8 коэффициентга кўпайтирилаётгани талабалар норозилигига сабаб бўлган. Масалан, 75 балл тўплаган талаба натижа коэффициенти қўллангач 60 баллга тушиб, “қониқарли (3)” баҳо олмоқда. Талабалар орасида “бу жараён кимнидир атайлаб қишки семестрга қолдиришми?” деган саволлар пайдо бўлган.
Талабаларнинг сўзларига кўра, бу каби муаммолар мунтазам равишда такрорланмоқда: навбатлар, тортишувлар, ҳатто жанжаллар юзага келмоқда. Баъзилар нима қилишни билмай, чалкаш вазиятда қолаётганини билдирган. Йиғилган талабаларнинг умумий норозилиги сифатида вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва уларнинг курсдан қолиб кетмаслигини таъминлаш сўралган. Аввалги – 60 фоизлик баҳолаш тизимига қайтиш бўйича таклиф ҳам билдирилди.
Талабалар, шунингдек, тест маркази ходимларига нисбатан ҳам эътироз билдирмоқда. Баъзи ходимларда тегишли диплом ёки малака йўқлиги, улар “таниш-билишчилик” орқали ишга олингани ҳақида гаплар тарқалган.
Таҳририят ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида университет раҳбарияти билан боғланди. Расмий муносабатга кўра, Тошкент давлат тиббиёт университетида талабалар билимини баҳолашда инсон омили таъсирини камайтириш ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида қолдирилган машғулотларни қайта топшириш жараёни рақамлаштирилиб, тест марказида компьютерлар орқали фанлар бўйича қарздорликларни бартараф этиш имконияти яратилган. Қолаверса, тест марказининг иш вақти 9:00 дан 18:00 гача бўлиши эътиборга олинса, мурожаатда келтирилган ҳолат тест марказининг иш вақти бошланмасидан олдин талабалар томонидан сунъий равишда тўпланиш ҳосил қилинган.
“Талабалар эса бетоқатлик қилиб, сунъий равишда зиддиятли ҳолатни юзага келтиришга уринган. Бу ҳолатдан хабар топган Ўқув ишлари бўйича биринчи проректор, факультетлар деканлари ва тегишли масъуллар зудлик билан тест марказига етиб келиб, у ердаги вазиятни қисқа муддатда тартибга солди”, дея қўшимча қилинади муносабатда.
Шунингдек, университет тест маркази кириш жойи талабалар ошхонаси билан бир жойда жойлашганлиги сабабли тиқилинч ҳолат юзага келгани маълум қилинди. Бундан ташқари, баъзи талабалар режа графикдан ташқари ўзлари қолдирилган машғулотларни топширишга урингани айтилди.
Университет ушбу ҳолат юзасидан таълим масканида қайта топшириш жараёнлари бошқатдан кўриб чиқилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, QALAMPIR.UZ’га Тошкент давлат тиббиёт университетининг 2-курс клиник ординатура (резидентура) босқичида таҳсил олаётган талабалар мурожаат йўллаб, 3 ойдан бери стипендия олишолмаётгани ҳақида маълум қилганди. QALAMPIR.UZ томонидан эълон қилинган мақоладан сўнг, талабаларга стипендия тўлаб берилди.
Live
Барчаси