Тошкентдаги университет талабалари кечаси ётоқхонадан чиқариб юборилди
Жамият
−
13:27 1935 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат техника университети талабаларининг талабалар турар жойидан чиқариб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Вазирликка кўра, Тошкент шаҳрининг Талабалар шаҳарчасида Тошкент давлат техника университети томонидан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойи ҳозирча расман фойдаланишга топширилмаган. Мазкур объектнинг кадастр ҳужжатлари ҳали расмийлаштирилмаган ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур тегишли рухсатлар олинмаган. Шу сабабли, объектга талабаларни расмий тартибда жойлаштириш имкони мавжуд эмас.
Амалдаги тартибга кўра, талабалар турар жойига жойлашиш учун талаба Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали ариза топширади ҳамда белгиланган тартибда йўлланма олганидан сўнг турар жойга жойлаштирилади. Бироқ тадбиркор томонидан мазкур объектда айрим талабалар белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз жойлаштирилгани аниқланган. Шунингдек, Тошкент давлат техника университетига тегишли бўлмаган бошқа олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳам ушбу объектга жойлаштирилган ҳолатлари кузатилган.
Мазкур ҳолат аниқлангач, талабаларнинг хавфсизлиги ва улар учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида барча талабалар объектдан чиқарилиб, Тошкент давлат техника университетининг мавжуд бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилган. Бошқа олий таълим ташкилотлари талабалари эса тегишли масъуллар орқали ўз таълим ташкилотларига қайтарилган.
“Хорижий талабаларни ҳам тегишли рухсат ҳужжатларисиз, фойдаланишга расман топширилмаган объектда жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Шу боис улар ҳам хавфсизлик чоралари доирасида мазкур объектдан чиқарилди”, дейилади муносабатда.
Маълум қилинишича, айни пайтда талабалар турар жойининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш бўйича ишлар давом этмоқда. Шунингдек, объектда иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.
Вазирликнинг билдиришича, мазкур объектнинг расмий очилиш маросими ҳам ҳали ўтказилмаган. Қурилиш ишлари белгиланган муддатда тўлиқ якунланмагани сабабли август ойида ҳудудларда ўтказилган очилиш тадбирлари доирасида ушбу объектдан фойдаланиш бошланмаган. Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олингач, объект белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади ва талабаларни жойлаштириш амалдаги тартиб асосида амалга оширилади.
“Шу билан бирга, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан тўлиқ, яъни 100 фоиз миқдорида қайтариб берилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, талабаларнинг мазкур объектга белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда тадбиркор томонидан жойлаштирилгани ҳақида университет ҳам, вазирлик ҳам олдиндан хабардор бўлмаган. Ҳолат аниқланганидан сўнг талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь