Таиланд ва Филиппин Ўзбекистонга янги элчиларини тайинлади
Жамият
−
01 Июнь
3191Кеча, 31 май куни Ташқи ишлар вазирлигида Таиланд ва Филиппин мамлакатларининг Ўзбекистондаги янги элчилари билан учрашув бўлиб ўтди ва Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов уларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Бу ҳақда Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Хабарга кўра, ҳар икки мамлакат вакиллари билан давлатлар ўртасида ўзаро товар ҳажмини ошириш, туризм, маданий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
"Бугун Вазирликда Таиланд Қироллигининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Элчиси Сасиват Вонгсинсават жаноблари билан учрашиб, унинг ишонч ёрлиқларини қабул қилдик. Сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, туризм, халқ дипломатияси ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Биз жаноб элчини мазкур лавозимга тайинлангани билан табриклаймиз ва унга дипломатик миссиясини амалга оширишда муваффақиятлар тилаймиз”, деб ёзди вазир.
Саидов Филиппиннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Роберто Г.Манало билан ҳам мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатлар юзасидан фикр алмашган.
“Шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлик кун тартибини барча йўналишларда кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жаноб элчининг Ўзбекистон-Филиппин муносабатларида фойдаланилмаган улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди", деб ёзади вазир.
Эслатиб ўтамиз, 16 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Португалия, Литва ва Даниянинг Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олганди.
Ҳабиб Жўрабоев