Тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланяпти. Ўзбекистон бу!

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 31 август куни QALAMPIR.UZ’да “Олмазордаги тадбиркорлар “свет”сиз қолиши мумкин, QALAMPIR.UZ ҳам” номли хабар эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳридаги барча тадбиркорлик субъектларига ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари номидан хат йўлланиб, 10 иш куни ичида электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергия (қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси)га ўтказиш шартлиги, талаб бажарилмаган тақдирда тадбиркорлик субъекти огоҳлантиришсиз электр энергиясидан узиб қўйилиши ҳақида расмий огоҳлантириш хати йўллангани ҳақида сўз борган эди. 

Ушбу хабар эълон қилинганидан бир ҳафта вақт ўтиб, 7 сентябрь куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тилга кириб, тадбиркорлардан қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси ўрнатиш талаб қилинмаётганини айтиб чиқди. Бироқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти мамлакатда электр энергияси билан боғлиқ ҳақиқий вазиятни билмайдиганга ўхшаб кўриняпти. Боиси АЖ асл вазиятни рад этишга ва уни хаспўшлашга уринса-да, асл ҳақиқат туман электр тармоқлари корхоналари йўллаётган навбатдаги мактубларда акс этмоқда. 

Гап шундаки, жорий йилнинг 6 сентябрь куни (!), яъни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тадбиркорлар электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергия – қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси ўрнатишга мажбурланмаётганини айтиб чиқишидан бир кун аввал тадбиркорлик субъектларига яна огоҳлантириш хати йўлланган ва бу сафар хат муаллифи фақат туман электр тармоқлари корхонаси эмас. Галдаги огоҳлантириш хатига “Олмазортумангаз” газ таъминоти корхонаси ҳам шерик бўлган. Хат мазмуни эса қуйидагича: 

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли, 2024 йил 31 майдаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-222-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича Республика Штаби раҳбарлари томонидан жорий йилда ўтказилган 7-сонли йиғилиш топшириқ ва кўрсатмаларини инобатга олиб, сизнинг тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган объектингизда ушбу талабнома берилган кундан бошлаб 10 иш куни муддатида электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергияга (қуёш панеллари, геоколлекторлар, замонавий газ горелкалари, компенсация қилиш ускунаси) ўтказиш ва иқтисод қилиш лозимлигини билдирамиз”.

Шунингдек, огоҳлантириш хатида тадбиркорлар юқоридаги талабни 10 иш кунида бажармаган тақдирда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр энергияси ва табиий газ таъминотидан узилиши айтилади. Хатни Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Р.Мирсултонов ва “Олмазортумангаз” газ таъминоти корхонаси номидан лавозими кўрсатилмаган Ф.Қўчқоров имзолаган ва огоҳлантириш хати ҳақиқийлиги муҳр билан тасдиқланган. 

QALAMPIR.UZ’да мавжуд маълумотларга кўра, тадбиркорлик субъектларига бундай огоҳлантириш хатлари нафақат Олмазор тумани ва Тошкент шаҳри, балки бутун республика бўйлаб йўлланмоқда. Вазиятдан хабардор манбаларнинг маълум қилишича, иш бошида прокуратура органлари турган бўлиши мумкин. 

Таҳририят журналисти билан шахси сир қолиши шарти билан суҳбатда бўлган соҳа вакилига кўра, “қуёш панелларини ўрнат”, деб мажбурлашга аслида ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аммо тадбиркорлар қуёш панелларини ўрнатмаган тақдирда ходимлар юқоридан келган топшириқ сабаб корхонани “свет”дан узишга мажбур бўлади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг берган баёнотидан вазият шу даражага етиб боргани аёнки, туман электр тармоқлари корхоналари томонидан тадбиркорларга босим тариқасида йўлланаётган огоҳлантириш хатларидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бехабар ёки бошқарувни аллақачон йўқотиб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

тадбиркорлар қуёш панели

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг