Олмазордаги тадбиркорлар “свет”сиз қолиши мумкин, QALAMPIR.UZ ҳам

Жамият

image

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги тадбиркорлар қуёш панеллари ўрнатмаса, “свет”сиз қолиши мумкин. Бу ҳақдаги огоҳлантириш хати туманнинг деярли барча тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, QALAMPIR.UZ ижарада бўлиб турган бино маъмуриятига ҳам етиб келди.

Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Равшан Мирсултонов томонидан имзоланган огоҳлантириш хатида ёзилишича, тадбиркорлар огоҳлантириш хатини олган кундан 10 иш кунида электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергияга (қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси) ўтказилиши ва электр энергиясини 20% иқтисод қилиш лозим. Акс ҳолда корхона электр энергиясидан узиб қўйилади.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-57-сонли, 2024 йил 31 майдаги "Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ПҚ-222-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича Республика Штаби раҳбарлари томонидан жорий йилда ўтказилган 7-сонли йиғилиш топшириқ ва кўрсатмаларини инобатга олиб, сизнинг тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган объектингизда ушбу талабнома берилган кундан бошлаб 10 иш куни муддатда электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергияга (қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси) ўтказилиши ва электр энергиясини 20% иқтисод қилиш лозимлигини билдирамиз”, дейилади хатда.

Шунингдек, огоҳлантириш хатида тадбиркорлар юқоридаги талабни бажармаган тақдирда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр энергиясидан узилиши айтилади.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 июндаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 319-сонли қарорининг техник шартлари ва мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда электр таъминотидан қайта огоҳлантирилмасдан тармоқдан узиш бўйича огоҳлантирамиз.

Ушбу талабнома ижроси талабнома берилган 10 иш кунида бажарилмаган тақдирда корхонани электр энергияси таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида ОГОҲЛАНТИРАМИЗ!!!”, дейилади Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Мирсултонов имзолаган хатда.

Ушбу огоҳлантириш хати тадбиркорлик субъектларига деярли бир кунда – 30 август куни Ички ишлар посбонлари орқали юборилган. Шу куни QALAMPIR.UZ мухбири Олмазор тумани электр тармоқлари корхонасига борди ва хатни қўлида кўтариб, тушунтириш беришларини сўраб юрган ўнлаб тадбиркорларни учратди. Электр тармоқлари корхонаси эса норозиликларни олдиндан пайқагандек, дарвозасини ёпиб олган, ҳудудни эса Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимлари қўриқлаётганига гувоҳ бўлдик. 

Айтиш ўринлики, тадбиркорларга бундай огоҳлантириш хатлари фақат Олмазор туманида эмас, балки бутун Тошкент бўйлаб юборилгани бўйича маълумотлар мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

свет қуёш панеллари яшил муқобил энергия компенсация қилиш ускунаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made