Таълим жараёни масофавий ташкиллаштирилгани учун контракт пули арзонлашадими?
Жамият
−
18 Апрель 2020
6471Масофавий таълим жараёнига қўшимча маблағлар сарфланаётгани учун контракт миқдори ўзгаришсиз қолади. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарход Бабашев АОКА штабидаги брифингда маълум қилди.
“2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, олий таълим муассасалари талабалари учун масофавий таълим бериш жорий этилганлиги муносабати билан уни ташкил этиш ва моддий базасини яратишга олий таълим муассасалари томонидан қўшимча маблағлар сарфланмоқда.
Масофавий таълим бевосита (мулоқотдаги аудитория машғулотлари) ўқув жараёни графигининг икки ойи бўйича киритиляпти.
Демак, талабалар томонидан жорий ўқув йили учун белгиланган контракт тўловлари тўлиқ амалга оширилиши лозим“, дейди Бабашев.
Шунингдек, Фарход Бабашев, карантин даврида ўз уйларида яшаётган вилоятлик талабаларга талабалар турар жойи учун тўлов пуллари қайтариб берилишини айтиб ўтди. Унинг айтишича, ушбу пулни кейинги йил ТТЖ тўлови учун ҳам ўтказиш имконияти мавжуд.
“Олий таълим муассасалари ТТЖда яшовчи талабалар ўқув йили учун белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширган бўлсалар, фойдаланилмай қолган ойларига тўланган маблағлари талабанинг ёзма мурожаатига асосан қайтариб берилади ёки унинг розилиги билан кейинги ўқув йилига ўтказилиб, ётоқхонада яшаши учун қайта ҳисоблаб берилади“, дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестри жорий йилнинг 1 июль кунига қадар тўлиқ якунланиши ҳақида хабарларга муносабат билдирган эди.
LiveБарчаси