Сувдан заҳарланган ўқувчиларнинг 7 нафари шифохонадан чиқарилди
3-саҳифа
−
23 Сентябрь
3121Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ихтисослаштирилган Бухоро мактабида ўқувчилар сувдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. Мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий бўлиб, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, ўқувчилар мактаб ҳудудидаги филтрланмаган сувдан истеъмол қилиши оқибатида соғлиғидан шикоят қилиб, жорий йилнинг 15 сентябрдан 19 сентябрга қадар 12 нафар ўқувчи ўткир ичак касаллигига гумон қилиниб, юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳозирда мактаб ўқувчиларининг соғлиғи ижобий бўлиб, уларнинг 7 нафарига уйида даволанишга жавоб берилган.
Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан текшириш ишлари олиб борилиб, сувдан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа воситалардан кимёвий таҳлил учун намуналар олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмалиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, қўшимча ахборот берилиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўқувчилар овқатдан заҳарланганди. Мактаб-интернатига аутсорс хизмати кўрсатган хусусий корхона томонидан истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотлардан сифатсиз озиқ-овқат тайёрланиши оқибатида 33 нафар ўқувчи “Ўткир гастрит” аломатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилганди.
Август ойида эса Жиззах вилоятида 2 нафар боғча тарбияланувчиси овқатдан заҳарланди. Болалар юқумли касалликлар бўлимига ётқизилганди.
LiveБарчаси