Жиззахда боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланди
3-саҳифа
−
19 Август
4423Жиззах вилоятида 2 нафар боғча тарбияланувчиси овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 август куни Пахтакор туманидаги мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган 4 ёшли И.Ф. (қиз бола) ва 5 ёшли С.Т. (қиз бола) тана ҳароратининг кўтарилиши сабабли ота-онаси туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Болалар овқатдан заҳарланиш ташхиси билан гумонланиб, юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат бўйича шу куннинг ўзида ушбу нодавлат таълим ташкилотида тарбияланаётган қолган 14 нафар бола ҳам туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида шифокорларнинг кузатувига олиниб, зарур муолажалар олиб борилган ва уларда соғлигидан шикоятлар аниқланмаганлиги туфайли уйларига жавоб берилган.
Шунингдек, эпидемиологик суриштирув давомида болаларга нонушта пайти берилган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган.
“Ҳозирда Пахтакор тумани прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Тайинланган тегишли экспертиза натижасидан келиб чиққан ҳолда прокуратура томонидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида 2 ёшли боғча тарбияланувчиси томоғига овқат тиқилиб қолиб, вафот этганди.
LiveБарчаси