Сурхондарёдаги кондан олтингугурт гази сизиб чиқиши тўхтатилди

3-саҳифа

image

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидаги 604-сонли қудуқдан водород сульфид сизиб чиқишини бартараф этиш ва сўндириш жараёни якунланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Қайд этилишича, водород сульфид сизиб чиқишига қарши ускунанинг қўшимча блоги қурилган ва ўрнатилган. Сўндириш учун қудуқ оғзини тайёрлаш ва боғлаш жараёни ўтказилган. Қудуқ герметикланиб, сўнгра сўндирилган.

Шунингдек, 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилган.

“Ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш жараёни махсус ташкил этилган штаб назорати остида амалга оширилди”, дейилган хабарда.

Билдирилишича, вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига Россия ва АҚШ экспертлари ҳам олиб келинган.

“Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмади. Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилди. Барча зарур чоралар кўрилди. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти. Шунингдек, бурғилаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилди ва якунланди, таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ва фойдаланиш учун тайёрланди”, дея маълум қилди ФВВ.

Бартараф этиш жараёни Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, Ўзбекистон Республикаси ФВВ ва “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси билан ҳамкорликда олиб борилган.

Эслатиб ўтамиз, вилоятнинг Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё олтингугурт гази “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made