Таниқли полвонни кураш майдонида пичоқлаб ўлдирган эркак қамалди
Crime
−
20:25 2564 2 minutes
Жорий йилнинг 9 май куни Сурхондарё вилоятидаги Денов тиббиёт коллежида бўлиб ўтган кураш мусобақаси давомида курашчи полвон пичоқлаб, ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Полвонни ҳамманинг кўз ўнгида ўлдирган шахс 18 йилга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, 1997 йилда туғилган судланувчи Достон Жабборов жорий йилнинг 9 май куни Денов туманининг “Янгиариқ” маҳалласида жойлашган “Аб-у-али Ибн Сино” номидаги тиббиёт техникуми ўйингоҳига кураш мусобақасини томоша қилишга борган. Мусобақда укаси Бўстонбек Жабборовни Аюбхон Ҳуррамов мағлуб қилган ва судланувчининг бундан жаҳли чиққан. Шунинг учун у кураш мусобақаси бўлаётган жойни тарк этган.
Бироқ йўлда такси ҳайдовчисидан кураш бўлаётган жойда отаси Асл Худойқулов билан фуқаро Аюбхон Ҳуррамовнинг отаси Низомиддин Чўтбоев ўзаро тортишиб қолганлигини эшитган. Бундан ғазабланган Достон Жабборов ўша ердаги озиқ-овқат дўконидан ошхона пичоғини олган ва Низомиддин Чўтбоевни кураш майдонида, унинг икки нафар ўнгида тўрт марта пичоқлаган. Шундан сўнг атрофидагилар уни ажратиб олган. Низомиддин Чўтбоев эса олган тан жароҳатлари оқибатида Денов туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этган.
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда Достон Жабборов айбига иқрор бўлган. У суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж” ва “л” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган ва 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада тамагирлик мақсадида 28 ёшли мижозини ўлдириб, унинг жасадини Катта Фарғона каналига ташлаб юборган банк ходими 18 йилга қамалган эди.
Live
All