Сурхондарёда “Газель” поезд тагида қолди
Олам
−
29 Сентябрь
9538Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида темирйўл кесишмасида “Газель” русумли кичик юк машинаси ва поезд иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат кеча, 28 сентябрь куни соат 16:40 да “Термиз- Бақтрия” темирйўл бекатлари оралиғининг 4465-км 7-пикетида қўриқланадиган темирйўл кесишмасига поезд яқинлашаётганлиги сабабли автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланган вақтда содир бўлган. 1994 йилда туғилган ҳайдовчи “Газель” автомобилида қоидаларни бузган ҳолда ҳаракатланган ва темир тўсиққа урилиб автомобиль ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида электровоз тортиб кетаётган “Термиз-Дарбанд” шаҳарлараро қатновчи йўловчи поезди тўхтаб қолган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида йўловчи поезди шу куни соат 17:25 да ҳаракатни давом эттирган.
Вилоят ЙҲХБ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Масъуллар томонидан ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида темирйўлни кесиб ўтаётган “Жигули”ни поезд уриб юборганди. Ўшанда 6376-сонли “Термиз-Сариосиё” шаҳарлараро қатновчи йўловчи поезди “Қумқўрғон-Элбаян” темирйўл бекатлари оралиғида кетаётган вақтида темирйўлнинг қўриқланмайдиган қисмини кесиб ўтаётган автомашинани уриб юборган.
LiveБарчаси