Сурхондарёда эр хотини ва 5 ойлик боласини бир неча ой қийнаб, молхонада сақлади (видео) 

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида эркак аёли ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиб, уларни 5 ой давомида мажбуран молхонада сақлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 26 август куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги маҳаллаларнинг бирида номаълум аёл киши антисанитария ҳолатида хонадон эгалари томонидан молхонада мажбурий ушлаб турилгани ҳақида ИИБга хабар тушган. Шунга асосан, маҳалла профилактика инспектори зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, хонадон эгаларининг қаршилигига қарамасдан молхона эшигини бузган. Натижада 1981 йилда туғилган хонадон эгаси Ш.А. молхонада 1997 йилда туғилган турмуш ўртоғи Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзандини оғир шароитда мажбурлаб сақлаб келаётгани аниқланган. Жабрланувчилар зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

Ҳолат ўрганилганда хонадон эгаси фуқаро Ш.А. шу хонадонда яшовчи онаси ва яқин қариндошлари билан олдиндан тил бириктириб, турмуш ўртоғи Х.Г.ни руҳий ҳолатидаги ўзгаришлари борлигидан (тилида нуқсони борлиги, фикрларини тўлиқ баён қилишга қийналиши) фойдаланиб, бир неча ой давомида унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ишлатиб, мажбурлаб, хонадон ичидаги молхонада яширин равишда сақлаб келгани аниқ бўлган.

Ҳозирда жабрланувчи Х.Г. Узун тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимига, фарзанди эса Туғуруқ бўлимига даволаниш учун жойлаштирилиб, уларнинг соғлиғи билан боғлиқ вазият вилоят ижтимоий ҳимоя бошқармаси маъсуллари томонидан алоҳида назоратга олинган.  

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (Оилавий (маиший) зўравонлик) 7-қисми “а”, “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Ш.А. процессуал тартибда қамоққа олинган. Шунингдек, ишга алоқадор бўлган хонадонда яшовчи бошқа фуқаролар ҳам терговга жалб қилиниб, бир нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган. Ҳозирда иш юзасидан барча тегишли суд-тиббиёт экспертизалари тайинланиб, тергов-процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ота ўз болаларини ҳақоратлаб, аёвсиз уриб-тепиб, калтаклагани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ томонидан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё қийноқ Узун

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг