Сурхондарёда аёл ҳамкасбларини дўппослаган эркак ўқитувчи қамалди
3-саҳифа
−
16 Июнь 2023
13413Жорий йилнинг 14 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида жойлашган 31-сонли мактабда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчиларни калтаклагани ҳақида хабар берган эдик. Эркакка нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Келтирилишича бугун, 16 июнь куни жиноят ишлари бўйича Узун туман судида фуқаро Г.Т. (1988 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган, 31-сонли мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.
Ҳукмга кўра, фуқаро Г.Т. Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилиб, жиноят оқибатида икки нафар жабрланувчига етказилган маънавий ва моддий зарарлар қоплангани ҳамда уларнинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинган ҳолда унга 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қайд этилишича, тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.
“Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.