Сурхондарёда 3 ёшли ўғлини ўлдириб, ариққа ташлаб кетган эркакка ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
12 Август 2023
11413Сурхондарё вилояти Шеробод туманида 3 ёшли ўғлини ўлдириб, ташландиқ ариққа ташлаб кетган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, Шеробод туманининг “Нуртепа” маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган эркак 2018 йилнинг декабрь ойида ўзидан икки ёш кичик қиз билан турмуш қурган ҳамда улар 2021 йилда ўғил фарзандли бўлган. Оилавий келишмовчиликлар сабабли 2022 йилнинг февраль ойида аёли ўғли билан отасининг уйига кетиб қолган.
“8 ой ўтгач алиментга бердим. Алимент чиққан кундан бошлаб, мени олиб кетишга кела бошлади. Бир-икки марта келганидан сўнг уйдагилар жўнатишмади”, дейди аёли.
Орадан бир йил ўтиб, алимент тўлашдан талвасага тушган эркак фарзанди ўзиники эканлигидан гумон қила бошлаган. Натижада жорий йилнинг 16 февраль куни соат 18:00 атрофида спиртли ичимлик таъсирида қайнотасининг уйига борган. Унинг йўқлигидан фойдаланиб, аёли ва ўғлини ўз уйига олиб келган.
Сўнгра 3 ёшли ўғлини қасддан ўлдириб, жасадини ташландиқ ариққа ташлаб кетган.
Мазкур суд иши Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судида кўриб чиқилган бўлиб, унда судланувчига Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в” банди билан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда 22 ёшли йигит хотини ва 5 яшар боласини ўлдириб, ёқиб юборган эди. Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судида кўриб чиқилган. Унга кўра, йигит Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми ва 134-моддаси билан айбли деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
LiveБарчаси