Сурия Президентининг ҳаёти хавф остидами?

Олам

image

Туркия разведка хизмати Британиянинг ташқи разведкаси — “MI6”дан Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шарани ҳимоя қилишда фаолроқ иштирок этишни сўради. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Ушбу мурожаат ўтган ойда Шарага қарши бир қатор суиқасд режалари аниқланганидан кейин йўлланган. Бу эса Суриядаги хавфсизлик вазияти ҳали ҳам барқарор эмаслигини кўрсатмоқда.

Аҳмад аш-Шара 15 ой олдин Башар Асад ҳукумати ағдарилганидан кейин ҳокимиятга келган эди. Ғарб давлатлари ва Туркия уни мамлакатни янги фуқаролик уруши ёки мазҳаблараро тўқнашувлардан сақлаб қолиши мумкин бўлган асосий сиёсий фигура сифатида кўрмоқда.

Сўнгги ойларда ИШИД гуруҳи Сурияда ҳужумларини кучайтириб, Шарани “биринчи рақамли душман” деб эълон қилган. БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили Президент ва унинг ҳукумати аъзоларига қарши камида бешта суиқасд уриниши бартараф этилган.

Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT) Сурия хавфсизлик идоралари билан яқин ҳамкорликда ишламоқда ва улар ўртасида разведка маълумотлари доимий равишда алмашилмоқда. Айрим маълумотларга кўра, MIT уч нафардан иборат террорчи гуруҳни фош этган ва Дамашқда режалаштирилган портлашнинг олди олинган.

Анқара Британия разведкасининг иштирокини кучайтириш орқали Дамашқда муайян “халқаро мувозанат” яратишни ҳам мақсад қилган бўлиши мумкин. Чунки Туркия ва Исроил разведка хизматлари ўртасидаги муносабатлар ҳозирча таранг бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда Британия разведкаси ходимларини тўғридан тўғри Дамашққа юбориш масаласи ҳали ҳал қилинмаган. Айрим Сурия хавфсизлик манбалари эса бундай қадам жуда хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дамашқ 2024 йил 8 декабрда мухолифат қўлига ўтгач, Сурияда ярим аср давом этган Асадлар сулоласи даврига чек қўйилган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Британия Аҳмад аш-Шара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг