Сурия “Асад” соясидан чиқмоқда: шахсият культига нуқта қўйиш бошланди
Олам
−
18 Февраль 522 2 дақиқа
Дамашқ 2024 йил 8 декабрда мухолифат қўлига ўтгач, Сурияда ярим аср давом этган Асадлар сулоласи даврига чек қўйилди. Энди эса мамлакат яна бир мураккаб жараённи бошдан кечирмоқда – шахсият культини йўқ қилиш. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Кўчалар, мактаблар, аэропортлар, шифохоналар – йиллар давомида деярли барча жамоат объектлари Башар Асад ва унинг ўғли Башшор номи билан аталган эди. Пулларда ҳам уларнинг сурати акс этарди. Латакиядаги “Басил ал-Ассад” халқаро аэропорти эса режим қулаганидан сўнг географик номи билан қайта атала бошланган. Бутун мамлакат бўйлаб Асадлар номи ёзилган лавҳалар олиб ташланмоқда.
Муваққат президент Аҳмад аш-Шара ҳукумати фақат рамзларни эмас, балки уларни қонунийлаштирган тизимни ҳам қайта кўриб чиқишга мажбур. 2011 йилги Маҳаллий бошқарув тўғрисидаги қонун ижроия кенгашларга кўча ва иншоотларга ном бериш ваколатини деярли назоратсиз берган эди. Ҳуқуқшунослар фикрича, бу “ихтиёрий ваколат” амалда содиқлик инструментига айланган.
Психологлар эса муаммо фақат лавҳаларда эмас, одамлар онгида эканини таъкидламоқда. Йиллар давомида раҳбарни муқаддаслаштириш ва танқидни жиноят деб кўрсатиш жамиятда танқидий фикрлашни сусайтирган. Қўрқув ва коллектив идентичлик эҳтиёжи шахсни йўқ қилиб, уни тизимга сингдирган.
Экспертлар рамзий адолатли механизмга ўтишни таклиф қилмоқда: сўнгги 50 йилда берилган барча номларни қайта кўриб чиқиш, миллий рамзлар қўмитасини тузиш, давлат маблағларидан шахсларни улуғлаш мақсадида фойдаланишни конституциявий тарзда тақиқлаш.
Бироқ ҳуқуқий ислоҳотлар етарли эмас. Таълим ва оммавий ахборот воситалари орқали фарқларни қабул қилиш маданиятини шакллантириш, давлат институтларини шахс эмас, қонун ва тенг ҳуқуқлар асосида қуриш – янги Сурия учун ҳал қилувчи шарт ҳисобланади. Хулоса қилиб айтганда, Асад номи ёзилган деворлар қулатилмоқда. Энди навбат – онглардаги деворларга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия шимоли-шарқидаги машҳур Ал-Ҳол лагери бўшатилаётгани хабар қилинганди. Ҳукумат сўнгги ҳафталарда минглаб аҳолини кўчиришни бошлаган. Бу ерда асосан “Исломий давлат” (ИШИД) гумондор жангчиларининг аёллари ва болалари сақланар эди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль