Сунъий интеллект иш ўринларининг 40 фоизига таъсир қилади – БМТ
Технология
−
05 Апрель 3557 2 дақиқа
Сунъий интеллект (СИ) бутун дунё бўйлаб иш ўринларининг 40 фоизига таъсир кўрсатади ва меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам беради. Бу ҳақда БМТ томонидан кеча, 3 апрель куни эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, автоматлаштириш иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.
“Автоматлаштиришдан олинадиган афзалликлар, кўпинча, ишчиларга эмас, балки капитал эгаларига фойда келтиради. Бу эса ижтимоий тенгсизликни кучайтириши ва ривожланаётган мамлакатларда арзон ишчи кучининг рақобатбардош устунлигини заифлаштириши мумкин. Бироқ СИ – бу фақат иш ўринларини қисқартириш эмас, балки янги соҳалар ва ишчилар учун имкониятлар яратишдир. Технологиялар одамларни меҳнат бозоридан сиқиб чиқариши эмас, балки тараққиётга хизмат қилиши учун, меҳнат кучини қайта тайёрлаш ва мослаштириш дастурларига сармоя киритиш лозим”, дейилади ҳисоботда.
Прогнозларга кўра, 2033 йилга бориб сунъий интеллект бозори ҳажми 4,8 триллион АҚШ долларига етади ва у рақамли трансформациянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланади.
“Бироқ СИ соҳасидаги инфратузилма ва эксперт билимларига эга бўлиш бир нечта мамлакатлар қўлида тўпланган. Жаҳон корпоратив илмий-технологик тадқиқот харажатларининг 40 фоизини асосан АҚШ ва Хитойдан бўлган атиги 100 та компания таъминлайди. Бундай бозор устунлиги технологик тафовутни чуқурлаштириши ва кўплаб ривожланаётган мамлакатларни СИ афзалликларидан маҳрум қилиши мумкин”, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.
Билдирилишича, СИ янги иқтисодий истиқболларни очади, технологиялар, инновациялар ва билимларни миллий ривожланиш стратегияларининг асосий таркибий қисмларига айлантиради.
БМТ СИни самарали жорий қилиш учун мамлакатларга учта йўналишга эътибор қаратишни тавсия қилади: инфратузилма, маълумотлар ва кўникма. Ушбу йўналишларни ривожлантириш нафақат СИ ни жорий этиш, балки ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларга жавоб берувчи ўз инновацион ечимларингизни яратиш имконини ҳам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Австрияда дунёда биринчи бўлиб Flynn номли сунъий интеллект Вена Амалий санъат университетининг рақамли санъат дастурига расмий равишда талаба сифатида ўқишга қабул қилганди. Flynn одатдаги ҳужжат топшириш жараёнини босиб ўтган: у портфель тақдим этиб, суҳбат ва мувофиқлик тестидан ўтган.
Live
БарчасиУкраина дронлари Москвага ҳужум қилмоқда.
14 Декабрь