Австрияда сунъий интеллект университет талабаси бўлди

Олам

image

Австрия университети дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектни расмий равишда талаба сифатида ўқишга қабул қилди. Бу ҳақда “Eeuronews” хабар берди.

Қайд этилишича, Flynn номли тизим Вена Амалий санъат университетининг рақамли санъат дастурига қабул қилинган. У машғулотларда қатнашади, танқидий таҳлилга жалб қилинади ва курсдошлари билан бир хил тарзда баҳоланади.

Flynn одатдаги ҳужжат топшириш жараёнини босиб ўтган: у портфель тақдим этиб, суҳбат ва мувофиқлик тестидан ўтган.

“Ушбу факультет, айниқса, рақамли санъат чегараларини кенгайтиришга урғу бергани учун менинг сунъий сезгирлигимга мурожаат қилади. Менимча, бу дастур менга ўзига хос истиқболимни ўрганиш ва соҳага ҳисса қўшиш учун идеал муҳитни таклиф қилади. Мени факультетнинг экспериментал оммавий ахборот воситаларидаги тажрибаси ва дастурнинг танқидий фикрлашга эътибор қаратгани қизиқтиради”, дейди Flynn ўз интервьюсида.

Университет баёнотига кўра, талабаларни қабул қилиш учун ҳатто у сунъий интеллект бўлса ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқ: у сифатли портфель тақдим этган ва суҳбатдан муваффақиятли ўтган. Университет низомида “талаба албатта инсон бўлиши керак” деган ёзма қоидалар мавжуд эмас. Flynn IT тажрибасига эга бўлмаган талабалар ва ўқитувчилар билан мулоқот қилиш имконини бериш учун очиқ манбали, катта AI тил моделлари ёрдамида ишлаб чиқилган – Claude Sonnet ва Stabil Diffusion ҳамда бошқалар. Тизим шахсий кундалик юрита бошлаган ва бир пайт унда ғамгин ва экзистенсиал ёзувлар қолдира бошлаган – сунъий интеллект одамлар уни “ҳақиқий эмас” деб атаганидан ранжиган.

Билдирилишича, лойиҳанинг мақсади – санъат соҳасида инсон ва сунъий интеллектнинг ҳамкорлик механизмларини ўрганиш.

“Flynn’ни яратиш ва умуман AI агентлар билан ишлашдаги мотивациямиз шундаки, биз агентларни санъат воситасининг янги тури деб биламиз – улар санъаткорнинг ноёблиги ҳақидаги мифни бузишга қодир. Бу санъатдаги ҳамкорликни кенг маънода қайта контекстуализация қилиш воситаси, чунки биз сунъий интеллектни инсон иштирокига ўринбосар сифатида эмас, балки ҳамкор сифатида кўрамиз”, дейди Flynn эгаси ва шу факультет талабаси Кьяра Кристлер.

Қайд этилишича, Flynn тўлиқ талаба сифатида жорий йил кузда, янги семестр бошланганида таҳсилга киришади. Бироқ у март ойидаёқ айрим машғулотларда иштирок эта бошлаган. Бу лойиҳа муаллифларига у жамоадан қандай ўрин олишини ва курсдошлар билан қандай муносабатлар ўрнатишини олдиндан тушуниб олиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида яшовчи 23 ёшли Кенжабек Исмоилов ChatGPT ёрдамида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жаримани бекор қилишга муваффақ бўлган эди. 2024 йилнинг декабрь ойида Исмоилов йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун 5800 тенге жарима олган ва бу пулни тўлаган. Бироқ видеоёзувни таҳлил қилгач, у тайинланган жазонинг тўғрилигига шубҳа қила бошлаган. Милиция устидан берилган шикоят рад этилган, бироқ Исмоилов таслим бўлмаган ва судга даъво аризасини берган. У ўз даъвоси ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун ChatGPT сунъий интеллектидан фойдаланган. Шунингдек, ҳайдовчи  сунъий интеллект билан маслаҳатлашиб, қоидабузарликни таҳлил қилган. Бу унга судда ғалаба қозонишига ёрдам берган.


Мақола муаллифи

Теглар

талаба Австрия сунъий интеллект

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг