Суд CZN Burak ва унинг отасини 5 йилга қамамоқчи
Олам
−
18 Август 2023
26774Ижтимоий тармоқларда CZN Burak тахаллуси билан танилган ошпаз Бурак Ўздемир ва унинг отаси Исмоил Ўздемир "Шаҳар муҳофазаси ҳудуди" доирасида рухсатсиз қурилишлар қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Turkiye gazetesi” нашри хабар берди.
Айбловга кўра, ота-боланинг ҳар иккиси учун 5 йилгача қамоқ жазоси берилиши талаби билан судда иш очилди.
Маълум қилинишича, биринчи инстанция жиноий суди Истанбулда бўлиб ўтди. Ушбу суд мажлисида ошпазнинг отаси Исмоил Ўздемир унга қўйилаётган айбловларни рад этди.
“Мен сўз юритилаётган кўчмас мулкни оддий таъмир қилдим. Оддий таъмирлаш жараёни учун ҳам шаҳар ҳокимиятидан рухсат олдим. Менга қўйилган айбловларни қабул қилолмайман”, деди у.
Бурак Ўздемирнинг адвокати эса у чет элда бўлгани учун ҳимоясини таъминлай олмаганини айтди.
Суд муваққат қарорини эълон қилиб, судланувчи Бурак Ўздемирнинг адвокатига мижозини ҳимоя қилиш учун вақт берилиши, Маданият ва Туризм вазирлигининг иштирок этиш талаби ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш тўғрисида қарор чиқарди.
Шунингдек, айблов хулосасида, гумондорлар Бурак Ўздемир ва Исмоил Ўздемирнинг "2863-сонли Маданий ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш қонунига қарши чиқиш" жинояти билан 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши талаб қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Бурак Ўздемир ўз отасини фирибгарликда айблаб, судга берди. Отаси билан барча муносабатларни узган Бурак гаражидаги автомобилларини сотиш орқали пул тўплаб, ўз ресторанини очишга қарор қилди.