Туркиялик таниқли ошпаз CZN Burak отасини судга берди
Олам
−
22 Июль 2023
41845Пул жигардан бўлган дейишади. У замонамизда отани боладан, акани укадан айиряпти. Туркиялик таниқли ошпаз ва интернет феномени, CZN Burak номи билан танилган Бурак Ўздемир ўз отасини фирибгарликда айблаб, судга берди. Отаси билан барча муносабатларни узган Бурак гаражидаги автомобилларини сотиш орқали пул тўплаб, ўз ресторанини очишга қарор қилди.
Буракнинг маълум қилишича, жорий йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзилалар ҳудудида бошпанасидан айрилган одамларга кўрсатаётган ёрдамлари ортидан отаси билан муносабатларига дарз кетган. Отаси Буракнинг ёрдамларига тақиқ қўймоқчи бўлган. Ота-ўғил ўртасида чиққан келишмовчилик ортидан отаси билан ресторан бизнесидаги ҳамкорликни тўхтатмоқчи бўлган Бурак, Истанбулнинг Этилар туманидаги ресторанининг барча ҳуқуқлари хорижлик тадбиркорга 41 миллион АҚШ долларига отаси томонидан сотиб юборилганини билиб қолди ва уни судга берди. Ушбу даъво бўйича биринчи суд мажлиси жорий йилнинг сентябрь ойида Чағлаян тумани судида бўлиб ўтади.
Бу орада эса Бурак ижтимоий тармоқлар орқали Истанбул шаҳрида жойлашган CZN Burak номли ресторанларнинг барчасидаги фаолиятини тўхтатганини билдирди ва ушбу ресторанлардан ўз номи ва суратлари олиб ташланишини талаб қилди.
Унинг ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишича, ҳозирда Истанбулдаги “Vadistanbul Mall” савдо-кўнгилочар марказида CZN Burak ресторани очилишига тайёргарлик кўрилмоқда ва бу ресторан унинг ўзига тегишли бўлади. Истанбулда бошқа филиали йўқлигини алоҳида урғулаган Бурак Ўздемир, Дубай, Доҳа ва Душанбедаги ресторанлар ўз тасарруфида қолаётганини билдирган.
Албатта, Буракнинг айбловларига отаси Исмоил Ўздемир ҳам жим турмади.
“Зилзила бўлган ҳудудда ёрдамларни доим реклама учун қилди, чин юракдан қилмаган. Онасига ўхшабди, отасига душман бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини ҳам мен яратдим, 2 йил олдин Бурак деган ном йўқ эди”, дейди Исмоил Ўздемир.
Мазкур воқеаларга нисбатан Бурак Ўздемир журналистлар саволларига жавоб беришдан бош тортган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь