ССВ “тилга кирди”. Вазирлик прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага енгиллик сўрамоқда
Жамият
−
06 Октябрь 2020
7484
Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши очилгани ва у ҳибсланганидан бир ой ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Унда вазирлик Йўлдошеванинг олти фарзанднинг онаси эканини хотирлаб, прокуратура идораларидан унга нисбатан қамоққа олишдан бошқа эҳтиёт чора қўллашни сўрайди.
“Ҳозирда Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг қамоққа олиниши масаласи интернет тармоғида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасига кўра, терговчи терговнинг йўналиши ва тергов ҳаракатларини юритишга оид барча қарорларни, прокурор рухсатини олиш қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, мустақил равишда қабул қилади.
Мазкур кодекснинг 14-моддасига кўра, одил судловни амалга оширишда судьялар мустақил фаолият юритиб, фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьялар ва халқ маслаҳатчиларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги идоралар фаолиятига аралашишга ҳақли бўлмаса-да, Гулжаҳон Йўлдошева аёл киши эканлиги ҳамда қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда, прокуратура идораларидан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўрайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аллақачон Гулжаҳон Йўлдошева масаласи кун тартибига чиқиб, ССВнинг мурожаатисиз ҳам шифокорга белгиланган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини уй қамоғида сақлаш билан ўзгартириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Айни вақтда QALAMPIR.UZ мухбири Тошкент вилояти Чирчиы шаҳар прокуратурасида бўлиб турибди. Воқеа тафсилотлари бироздан кейин эълон қилинади.
Кеча, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб чиққан эди.
Йўлдошева иши
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.
Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь