Гулжаҳон Йўлдошева бугун озодликка чиқарилади – QALAMPIR.UZ
Жамият
−
06 Октябрь 2020
13399Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсланган эди. Бугун, 6 октябрь куни унга қўлланилган ҳибсга олиш тўғрисидаги эҳтиёт чораси қамоқдан уй қамоғига ўзгартирилади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов хабар берди.
Хабарингиз бор, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.
Кеча, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб чиққан эди.
LiveБарчаси