Гулжаҳоннинг “ишида” нега қонун бу қадар қатъий? – Мирзиёева прокуратурадан қарорини ўзгартиришни сўради
Жамият
−
05 Октябрь 2020
25302Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари – Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева мамлакатда аёллар билан юз берган шов-шувли ҳолатларга муносабат билдирди.
“Биз, ҳозирги кунда журналистлар ҳамжамияти билан биргаликда иккита шов-шувли ҳолатни бирлаштирган “Мусибатдаги аёллар” мавзусидаги воқеаларни кузатиб бормоқдамиз.
Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир!”, дейди Саида Мирзиёева.
У аввало бемор ўлимига сабаб бўлиш ва бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланган Тошкент вилоятининг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева билан боғлиқ ҳолатга тўхталиб ўтган.
“Мен унга қўйилган айбловларнинг қонуний ёки ноқонунийлигини ҳеч қандай баҳоламоқчи эмасман, бу суднинг мутлақ ваколати. Аммо сизнинг эътиборингизни шунга қаратмоқчиманки, энг кичиги атиги икки ёшда бўлган олтита фарзанднинг онаси судгача қамоқда сақланмоқда. Бизнинг қонунчилигимиз, бошқа ривожланган мамлакатлар қонунчилиги сингари, эркакларникига қараганда аёллар учун бироз кўпроқ имтиёзларни ўз ичига олади. Бунга мисол сифатида аёл кишининг ҳомиладорлиги ёки вояга етмаган фарзандлари борлиги унга енгиллаштирувчи ҳолатлар тақдим этиши мумкин. Бу ҳам инсонпарварликнинг бир тури. Гулжаҳоннинг “ишида” нега қонун бу қадар қаттиқ ва қатъий? Олти бола билан қаергадир қочиб қутулиши мумкинми? Наҳотки судгача қамоқда сақлаш бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ягона йўли бўлса? Жиноят-процессуал қонунчилигида бошқа таъсирчан эҳтиёт чораларини қўллашга нима халақит беради?
Ҳибсга олиш — бу кучли стресс ва шахснинг маънан синдирилишидир. Айниқса, уйда ёш болаларингиз бўлганида... Шунинг учун Тошкент вилоятининг прокуратурасидан қарорни қайта кўриб чиқишларини сўраб қоламан”, деган Мирзиёева.
Сўнг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ўзбек жамоатчилигини ларзага солган воқеа наманганлик Гуландом Дадабоеванинг МИБ ва масъул идора ходимлари олдида ўзини ўзи ёқиб юбориши ҳолатига тўхталиб ўтган.
“Унинг онаси ва икки фарзанди қолди. Бу аёллар уларга бошқа бировнинг уйини сотиб юборган фирибгарнинг қурбонига айландилар ва фирибгар эса жинояти учун қамоққа тушди. Мулк ҳақиқий эгаси томонидан талаб қилинган ва суд аёлларни болалари билан биргаликда чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган.
Бундай даҳшатли ҳолатга қўл урган бу аёлнинг чорасизлигини тўлиқ тушуниб турибман”, дейди у.
Мирзиёева сўзида давом этиб, Ўзбекистон қонунчилиги бу борада мукаммал эмаслигини айтиб ўтган ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар фақатгина ўзига ўт қўйган аёлда учрамаслигига тўхталган.
“Қонунчилигимизни бу борада номукаммал деб ҳисоблайман. Фирибгарлар қўлига тушиб, турар жойларидан айрилиб ва том маънода кўчада қолган ҳолатлар фақат бу аёлдагина учрамайди. Фирибгарлар қамоққа олинишлари мумкин, лекин моддий зарарни бармоқ билан санайдиганлари қоплайди, холос. Бу ҳолда, менинг нуқтаи назаримдан, фирибгарлар давлатга қарздор бўлиб, қонун олдида жавоб беришлари керак. Давлат эса ўз ўрнида шундай фирибгарлар гирдобига тушиб қолган инсонларга шу каби муаммолардан чиқишига ёрдам бериши лозим.
Албатта, “одамлар ўзлари айбдор, жуда соддалар” – деб айтиш мумкин. Бироқ, бунда давлатнинг ҳам айби бор. Қишлоқ аёллари барча қонуний ҳуқуқларини қаердан билишсин? Уларга ҳамма нарсани текшириб, ҳеч кимга ишонмасликни ким ўргатган? Битимни расмий нотариус томонидан қонунийлаштирилиши қандай юз берди?
Бундай саволлар фожиалар содир бўлишидан олдин берилиши керак! Бу каби ҳар қандай ҳолат узоқ ва жиддий терговни талаб қилади. Ва бундай ҳолларда ҳар доим норасида болаларни ҳисобга олмоқлик лозим! Уларнинг ҳеч қандай айби йуқ, лекин улар ҳам катталар билан бирга жазоланмоқдалар.
Мен, депутатлар бу масалаларни муҳокама қилиб, ночор аҳволга тушиб қолган ва алданганлар учун ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашларини жуда-жуда истардим. Ҳеч ким борар жойи йуқ аҳволга тушиб қолмаслиги керак!”, деган Мирзиёева бошига тушган ташвишлардан ўзига ўт қўйиб фориғ бўлган аёл ҳақида фикр билдириб.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирусга чалинган шифокорнинг ўлимига сабаб бўлиш ва 250 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилишда айбланиб, ҳибсга олинганди.
Бош прокуратура унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Аёллар билан боғлиқ кейинги ҳолат сентябрь ойининг охирида юз берди. Наманганлик Гуландом Дадабоева суд қарори билан уйидан ҳайдалаётганда ўзига бензин сепиб ёқиб юборди ва ҳалок бўлди.
Бу ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси