Саида Мирзиёева Қатар ва Марокаш маликалари билан мода тадбирида қатнашди
Жамият
−
30 Октябрь
26709Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қатар маликаси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг таклифига биноан Марокашда Fashion Trust Arabia мукофотларини топшириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Яқин Шарқдаги ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу нуфузли тадбир креатив индустрия халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этаётганининг ёрқин намунаси бўлди. Маросимда қатнашиш мода соҳасининг етакчи вакиллари билан учрашиш ва энг иқтидорли дизайнерларга мукофотлар топширилишининг гувоҳи бўлиш имконини берди”, деб ёзади Мирзиёева.
Шунингдек, у Марокаш маликаси Лалла Ҳаснага меҳмондўстлиги учун, Қатар Амирининг синглиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Сонийга эса “унутилмас таассуротларга бой ушбу кунларни баҳам кўргани учун самимий миннатдорлиги”ни билдирди.
Маълумот учун, ёш дизайнерларнинг Fashion Trust Arabia кўргазмаси бу йил Марокашда бўлиб ўтди. Унда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги таниқли мода истеъдодлари тақдирланади. Тадбир 2018 йилдан бери Қатар Амирининг онаси Шайха Моза бинт Носир ҳомийлигида, унинг қизи Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний ҳамраислигида ўтказиб келинмоқда.
Fashion Trust Arabia’нинг бу йилги ғолиблари қуйидагилар:
- “Энг яхши оқшом либоси дизайни” номинациясида ғолиблик Yasmin Mansour’га насиб этди.
- Тайёр кийим йўналишида Nadine Mos бренди ғолиб бўлди.
- Энг яхши заргарлик бренди APOA (A Piece of Art) бўлди.
- Аксессуарлар йўналишида Ramla ғолиб чиқди.
- Йил кашфиёти Sylwia Nazzal бренди бўлди.
- Мода технологияси мукофоти Studio B.O.R.
- Танловнинг меҳмонлар номинациясида эса Испаниянинг Acromatyx бренди ғолиб бўлди.
Тадбир меҳмонлари орасида Chopard президенти Каролин Шойфеле, Изабель Юппер, Имаан Хаммам, Алессандро Амбросио ва Оливье Рустен, Карла Бруни, Сабрина Эльба ва Джордан Данн бор эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий ой бошида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Креатив иқтисодиёт бўйича IV Жаҳон конференцияси доирасида Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний Ўзбекистонга келган ва Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан учрашганди. Шунингдек, Қатар тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси ўртасида Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжиди мажмуасини реконструкция қилиш бўйича келишув имзоланганди.
LiveБарчаси