Саида Мирзиёева британиялик супермодель Наоми билан учрашди
Жамият
−
03 Октябрь
50791Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева кеча, 2 октябрь куни Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича IV Жаҳон конференцияси доирасида британиялик супермодель Наоми Кэмпбелл билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, 3 кун давом этиши кутилаётган конференцияда 80 дан ортиқ мамлакатдан 2000 дан зиёд иштирокчи креатив соҳалар келажагини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар яратиш учун йиғилди. Улар орасида 54 ёшли британиялик Наоми Кэмпбелл ҳам бор. У 15 ёшидан подиумда ўз фаолиятини бошлаган.
Telegram-каналга жойланган суратлардан англаш мумкинки, бутун дунёдан йиғилган жамоат арбоблари, хусусан, Қатар амирининг синглиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний, Жакарта губернаторининг собиқ ўринбосари Сандиага Салаҳуддин Уно ва улар билан бир қаторда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовни конференцияда иштирок этган. Шунингдек, расмлардан тадбирда Саида Мирзиёеванинг фарзандлари ҳам қатнашганини кўриш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 23 августдаги қарори билан Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилиб, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкилий қўмитанинг ишчи органи этиб белгиланган.
Бу йилги конференция мавзуси: “Инклюзив креативлик: ўзгарган воқелик”. У технологияларнинг жадал ривожланиши, айниқса, сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ўрганишга бағишланади.
Конференция доирасида креатив иқтисодиёт соҳасидаги вазирлар учрашуви, дунё ва Ўзбекистонда креатив иқтисодиётга бағишланган кўргазма, семинарлар, маслаҳат учрашувлари, амалий машғулотлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Форум ўтказиладиган кунларда Тошкентда Замонавий санъат маркази қошида арт-резиденциялар очилиши кутилмоқда. Франция маданият маркази, Миллий реставрация маркази лойиҳалари, шунингдек, “Абулқосим” мадрасаси ва “Оҳунгузар” маданий мерос объектида креатив иқтисодиёт кластерларини ташкил этиш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилади.
Конференция якунлари бўйича жамғарма Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда конференция иштирокчилари, халқаро экспертлар, соҳа вакиллари ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишларни ташкил этиши керак.
Маълумот учун, Биринчи Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференцияси (World Conference on Creative Economy, WCCE) 2018 йилда Индонезиянинг Бали шаҳрида бўлиб ўтган. 2021 йилда у Дубайда (БАА), 2022 йилда яна Балида бўлиб ўтган. Тадбир халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам бериш, инклюзив, барқарор иқтисодиётни шакллантиришда ижодкорликнинг ролини қайд этиш ва эътиборни ресурсга асосланган иқтисодиётдан билимга асосланган иқтисодиётга ўтказишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 15-19 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган “Ипак йўли дурдонаси” XVI Тошкент халқаро кинофестивалининг муддатлари кўчирилгани ҳақида маълум қилинганди.
LiveБарчаси
Шавкат Мирзиёев Саудияга етиб борди.
11 Ноябрь
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь