Саида Мирзиёева Қатар маликаси билан учрашди
Жамият
−
03 Октябрь
27969Кеча, 2 октябрь куни Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қатар маликаси, Қатар музейлари ва бошқа муассасалар раиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний билан учрашиб, Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидини реставрация қилиш лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув якунида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Оға Хон Траст” маданият жамғармаси ва Қатар тараққиёт жамғармаси билан икки томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланган.
“Қатар тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси ўртасида Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжиди мажмуасини реконструкция қилиш бўйича келишув имзоланишида иштирок этишдан мамнун бўлдим. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бой маданий меросини келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, унинг давомийлигини таъминлаш ва мамлакат маҳаллий ҳамжамиятларининг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган”, деб ёзди Қатар музейлари ва бошқа муассасалар раиси ўзининг X’даги саҳифасида.
Таъкидланишича, ўзаро муносабатлар Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасида ҳамкорликда иш олиб боришга қаратилган бўлиб, бу Ўзбекистон учун ҳам, бутун дунё учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, Қатар маликаси Креатив иқтисодиёт бўйича IV Жаҳон конференцияси очилишида иштирок этиб, Х’даги саҳифасида бундан мамнунлигини билдирди.
“Ўзбекистонда 2024 йилги Бутунжаҳон ижодий иқтисодиёт конференцияси очилишида қатнашганимдан мамнунман, унда маданият ва бунёдкорликнинг келажагимизни шакллантиришдаги чуқур таъсирини муҳокама қиламиз. Иқтисодиёт қашшоқлик, тенгсизлик ва иқлим ўзгариши каби глобал муаммоларга қарши туришнинг муҳим устунидир ва бугун биз унинг ҳамма учун янада инклюзив ва барқарор дунё қуриш қобилиятини таъкидлаймиз” дейди малика.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги конференция доирасида Саида Мирзиёева британиялик супермодель Наоми Кэмпбелл билан учрашганди.
LiveБарчаси