Наманганда мажбурий ижро вақтида аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлди. Ҳолат бўйича жиноий иш очилди
Жамият
−
02 Октябрь 2020
18100Наманганда Мажбурий ижро бюроси ходилари уйидан чиқармоқчи бўлган аёл ўзига ўт қўйиб юборди ва ҳалок бўлди. Ҳодиса жорий йилнинг 29 сентябрь куни юз берган. Мазкур ҳолат бўйича МИБ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ`га қуйидагиларни маълум қилди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2019 йил 8 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра ундирувчи Аҳад Аҳматович Жўраев фойдасига жавобгар Муҳаббат Абдуваҳабовна Дедабаева ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳар, “Истиқбол” МФЙ, 9-Боғи-эрам кўчаси 34-уйдан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Наманган шаҳар бўлими иш юритувига 2019 29 ноябрда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.
Жавобгар Муҳаббат Дедабаева ва унинг оила аъзоларига низоли уйдан чиқиб кетишлари кераклигини тушунтирилиб, ижро ҳужжати талабини бажармаган тақдирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан жарима жазоси қўлланилиши ҳамда мажбурий тартибда кўчирилиши тўғрисида бўлим давлат ижрочиси томонидан 2019 йил 6 декабрда огохлантириш хатлари берилган.
Қарздор Муҳаббат Дадабаева ва унинг оила аъзолари давлат ижрочисининг оғзаки ва ёзма огоҳлантиришга қарамасдан суднинг ижро варақасида кўрсатилган хонадонни бўшатишдан бўйин товлагани учун, давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжатида кўрсатиб ўтилган манзилдан 2019 йил 12 декабрда кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланиб, бу ҳақида қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга маълум қилинган.
Бироқ, жавобгар Муҳаббат Дадабаева томонидан кассация тартибида шикоят келтирилганлиги сабабли юқоридаги қарор ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги суднинг 2019 йил 12 декабрдаги ажрими қабул қилинган ва ижро ҳаракатлари тўхтатилган.
Шундан сўнг, суднинг ажрими билан кассация шикоятини қабул қилиш рад қилинган ва ижро ҳаракатлари давом эттирилган.
Жорий йилнинг 11 март куни Наманган шахар, “Истиқбол” МФЙ, 9-Боғи эрам кўчаси 34-уйга мажбурий ижро ҳаракатларини ўтказиш учун, тегишли ташкилот ҳодимлари ва холислар иштирокида борилганда қарздор Муҳаббат Дадабаева уйда йўқлиги сабабли ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилган. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Короновирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга биноан идоравий бўйсунувидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларда карантин ҳолати жорий қилинган сабабли, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш 2020 йил 15 августга қадар тўхтатиб турилган.
Ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 17 сентябрда ижро ҳужжати бўйича томонларни Бюронинг Наманган шаҳар бўлимига чақиртирилиб, уларга ижро ҳужжати талаби қайтадан тушунтирилган. Шу билан бир қаторда ижро ҳужжати талабини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтириб ўтилган ва манзилдан ихтиёрий равишда кўчишни таклиф қилинган.
Бироқ, жавобгар Муҳаббат Дедабаева ва унинг оила аъзолари кўрсатиб ўтилган низоли хонадондан иҳтиёрий равишда кўчиб чиқиб кетмаганлиги сабабли, давлат ижрочиси томонидан 2020 йил 29 сентябрда кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланиб, бу ҳақида қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга, яъни Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-ИИБ, ФВВ ЁХБ Наманган шаҳар бўлими, “Иқтиқбол” МФЙ, ТТЁ Наманган шаҳар бўлимига маълум қилинган.
Шу куни юқоридаги манзилга борилганда, қарздор Дедабаева Муҳаббат ва унинг қизи Гуландон Дадабаева томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатишган. Ижро ҳужжати талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985 йилда туғилган Гуландон Дадабаева ўзига бензин ёқилғисини сепиб, ёқиб юбориб, ўз жонига суиқасд қилган.
Натижада, фуқаро Гуландон Дадабаева олган 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жарохати натижасида 2020 йил 30 сентябрь куни РШТЁИМ Наманган филиалида вафот этди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси