Саида Мирзиёева ҳам Россия Бош вазири ўринбосари билан учрашди
Жамият
−
01 Ноябрь
4543Бугун, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Чернишенко билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиб, ижтимоий соҳага ҳамда давлатларимиз раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувларни самарали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдик”, деб ёзди Мирзиёева.
Шунингдек, мулоқот давомида таълим соҳасидаги унумли шериклик натижалари, хусусан, яқин келажакда Россиянинг яна бир олий таълим муассасаси – Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали очилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дмитрий Чернишенко бошчилигидаги Россия делегацияси Президент Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлган эди. Сентябрь ойида Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин ҳам Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгач, Саида Мирзиёева билан учрашганди.