Геноцид учун қасос. Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
05 Октябрь
9713Сурхондарёда 37 ёшли ўғил ўз онасини болта билан чопиб ташлади. У спиртли ичимликка бояқиш онасидан пул сўраган. Табиийки, оилавий жанжал чиққан ва ўғил онасини ўлдирган. У 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бундай воқеалардан таъсирланаётган бир мен эмаслигимга ишонаман. Хўш, бу каби ваҳшийликларнинг сабаби нима. Биз қачондан бундай одамларга айланиб қолдик?
Эрон Исроилга қасос зарбаси йўллашни бошлади
1 октябрь Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху режими учун Ғазода бир йилдан буён давом этиб келаётган геноциднинг бадалини тўлайдиган кун бўлди. Аммо бундай бадал ҳар доимгидек сиёсий элита орқали эмас, балки тинч аҳоли, яъни оддий фуқаролар моли, жони ва қони билан тўланди. Шу куни кечки пайт Исроил беқарорлик ва тутун ичида қолди. Дастлаб мамлакат пойтахти Тель-Авивдаги Яффа ҳудудида қора кийимда қуролланган икки шахс трамвай бекати ва унга яқин бўлган кўчада тинч аҳолини тўсатдан ўққа тута бошлади. Қуролли ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланди. Аммо мазкур ҳужум узоқ давом этмади ва қуролли шахслар Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан йўқ қилинди. Аммо бу Исроил учун бошланиши эди, холос. Бу воқеадан кўп ўтмай, Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Олий Раҳнамо Али Хоманаийнинг буйруғи билан “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ, ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ва корпус қўмондони Аббос Нилфороушаннинг ўлимлари учун тарихдаги энг йирик баллистик ракета ҳужуми уюштириш орқали қасос зарбаси йўллашни бошлади. ЦАХАЛ исроилликларни Эрон ракеталарини учираётгани ҳақида огоҳлантирди. У мамлакат аҳолисини “ҳушёр бўлишга ва орқа қўмондонлик кўрсатмаларига қатъий амал қилишга” чақирди. Исроил бўйлаб ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Маълум вақт ўтиб эса Эрон ҳудудидан ракеталар учирилаётгани акс этган тасвирлар босқин остидаги мазлум фаластинликларнинг хурсандчилиги билан бир вақтда пайдо бўла бошлади. Исроилнинг газеталари бу зарбани тарихдаги энг йириги деб атаб, Исроилга жами 500 га яқин ракета учирилганини даъво қилди. Аммо Эрон расмийлари яҳудий давлатига қарата учирилган ракеталар сони 400 га яқин эканини очиқлади. Бу бир йил ичида Эроннинг Исроилга қилган иккинчи ҳаво ҳужуми эди. Бундан олдин жорий йил апрель ойида Исроил томонидан Дамашқдаги Эрон консуллигида икки генерал ва беш зобит ўлдирилганига жавобан расмий Теҳрон яҳудий давлатига 170 га яқин ракета билан зарба йўллаганди. Бу галгиси эса, ўша ҳужумдан икки баравар каттароқ ва жиддийроқ бўлди. Шу куни Исроил ҳарбий қудратининг юзига айланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими – “Темир гумбаз” ишончни тўлиқ оқлай олмади. Эроннинг аксарият зарбалари мазкур мудофаа тизимини ёриб ўтди. Тармоқларда Эрон ракеталаридан бири Исроил бошқарувининг энг муҳим бўғинларидан бири бўлган разведка агентлиги – “Моссад”нинг Тель-Авивдаги штаб-квартирасидан тахминан 300-400 метр масофага келиб тушгани акс этган тасвирлар тарқалди. Бу вақт оралиғида эса Исроилдаги энг муҳим авиабазаларидан бири Неватим Эрон зарбалари оқибатида бутунлай вайрон қилиниб, у ерда сақланаётган 20 дан ортиқ 5-авлод F-35 учоқлари йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ Исроил томони ҳозиргача бундай талафотларни эмас, балки Эрон ракеталарининг ушлаб қолингани ёки уларнинг аҳоли пунктларидан узоққа тушган тасвирларинигина эълон қилди. Аммо Эрон томонидан учирилган ракеталар исроилликлар учун деярли ҳалокатли бўлмади. Тель-Авив ҳудудида ракета қолдиқларининг сачрашидан икки киши яраланган, холос. Ҳужумдан сўнг бир қатор АҚШ ва Исроил раҳбарлари гўёки бирдамлик намойиш этган ҳолда Эрон ҳаракатларини қоралаб, расмий Теҳроннинг бу қилмиши жавобсиз қолмайди, деган мазмундаги дағдағаларни бошлаб юборди. Жо Байден маъмурияти Оқ уй Исроил томонида эканини айтиб, жавоб зарбаси учун биргаликда ишлашини маълум қилди. Нетаньяху эса Эрон катта хатога йўл қўйганини таъкидлаб, у бу учун улкан бадал тўлашига ваъда берди. Воқеадан 4 кун ўтиб эса, айни дамда қатор манбалар Исроилнинг жавоб зарбаси муқаррарлиги ва бу бир неча кун ичида рўй беришини тахмин қилмоқда. Ва бу зарбалар Эрон ҳудудидаги нефть ва бошқа стратегик объектларга йўлланиши мумкин.
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиёнга кўра, Исроилга ракета зарбасидан мақсад Эрон манфаатлари ва фуқароларини ҳимоя қилиш бўлган ва у Эрон кучининг фақат бир қисми эди.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Х’да эълон қилинган хабарида иброний тилида Исроилга қарши “зарбалар кучлироқ ва оғриқлироқ” бўлишидан огоҳлантирди.
“Reuters” агентлигининг Эроннинг юқори мартабали амалдорига таяниб ёзишича, Эрон Исроилга ҳужуми олдидан АҚШ ва Россияни хабардор қилган.
Эрон Исроилга ҳужум қилаётган бир пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилдаги фуқароларига огоҳлантириш билан чиқди. Унда интенсив ракета отишмалари муносабати билан яна бир бор тезкор эҳтиёт чораларини кўриш қатъий тавсия қилинди.
Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси фуқаролардан ракета ҳужумлари пайтида тезлик билан бомба бошпаналарига киришни, Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб боришни, Исроил фронторти қўмондонлиги билдиришномалари ва огоҳлантиришларига амал қилишни сўради.
2 октябрь куни Flynas ва Qeshm Air авиакомпаниялари Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Эрон устидаги ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши муносабати билан Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” эса 2 октябрдан Яқин Шарқдаги нотинч вазият сабаб хавфсизликни таъминлаш мақсадида парвозларни Ироқ ва Эрон ҳаво ҳудудларини айланиб ўтган ҳолда амалга оширишни бошлади. Авиакомпания самолётлари аниқ кўрсатмага қадар шу кўринишда учади.
3 октябрь куни расмий Тошкент Яқин Шарқдаги вазият шиддат билан кескинлашаётганидан чуқур хавотир билдиради. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига ва бутун халқаро ҳамжамият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Биз қарама-қарши томонларни вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги муносабатида.
Ўзбекистон томони можарони халқаро нормалар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор таъкидлаган.
Бу орада эса Исроил БМТ Бош котиби Антониу Гутерришни “персона нон грата” деб тан олди ва унинг мамлакатга киришини тақиқлади. Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац бу қарор Гутерришнинг Эроннинг Исроилга ҳужумига муносабати билан қабул қилинганини билдирди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Бош котибни ҳужумни тўғри таҳлил қилмаганликда айблаб, дунёнинг деярли ҳар бир давлатларидек, Эроннинг Исроилга қилган жирканч ҳужумини сўзсиз қоралай олмаса, у Исроил тупроғига қадам қўйишга лойиқ эмаслигини таъкидлади. Маълумот ўрнида, “персона нон грата” дипломатик атама бўлиб, қабул қилувчи давлат томонидан тасдиқланиши рад этилган хорижий шахс маъносини англатади. БМТ Бош котиби Гутерриш эса Исроилда ўзига нисбатан тақиқ жорий этилганидан кейин дарҳол Эроннинг Исроилга қарши ҳужумини қоралади. Жорий ҳафтада тинчлик учун Нобель мукофотига номзоди қўйилган Гутерриш БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Яқин Шарқ бўйича йиғилишида “Апрелдаги Эрон ҳужумида бўлгани каби, мен кеча Эроннинг Исроилга уюштирган йирик ракета ҳужумини яна кескин қоралайман”, деди.
Бу томонда эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроилнинг навбатдаги нишони Туркия бўлишидан хавотирда. Унга кўра, Исроилнинг минтақадаги режалари фақат Фаластин ва Ливан билан чегараланиб қолмайди ва яҳудий давлати Туркияга ҳам таҳдид қилади.
“Исроил Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Ливан билан чекланиб қолмаган маккор режани амалга оширмоқда. Унинг асосий мақсадини кўриш учун пайғамбар бўлиш шарт эмас. Тарихни, динлар тарихини, сиёсат ва дипломатияни биладиган ҳар бир киши Қуддус, Ал-Ақсо масжиди билан алоқани ва ваъда қилинган ер хаёлини осонгина кўради. Биз ваъда қилинган ер нима эканлигини жуда яхши биламиз. Улар том маънода Туркияга қарши курашга киришмоқда. Биз буни яхши биламиз. Ҳозирги Исроил маъмурияти ўзининг ҳар бир баёноти ва кўрсатган ҳар бир картаси билан ўзининг ҳақиқий ниятларини ошкор қилмоқда”, деди Эрдўған.
Исроил давлатини эълон қилган Давид Бен-Гурион 1948 йилда шундай деган эди: “Фаластиннинг бугунги харитаси Британия мандат ҳукумати томонидан белгилаб қўйилган. Яҳудий халқининг, ёшларимизнинг ва катталаримизнинг амалга ошириши керак бўлган бошқа бир харита ҳам бор. У Нилдан Фурот дарёсигача бўлган ерларни ўз ичига олади”. Бу гаплардан кўриниб турибдики, Исроил фақат Ғазо ва Фаластин билан тинчимайди. Ҳар ҳолда БМТнинг 79-сессиясида яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг минбарга олиб чиққан харитаси ҳам буни тасдиқлади.
Эрон махсус бўлинмаси раҳбари “Моссад”нинг агенти бўлиб чиқди
Шу десангиз, Исроилнинг одамлари унга кескин қаршилик кўрсатаётган Эроннинг асосий ташкилотларигача кириб борган бўлиб чиқди. Эрон Исроилга қарши курашиш учун махсус бўлинма тузган, аммо бу бўлинма раҳбари Исроил разведкаси – “Моссад”нинг агенти бўлиб чиқди.
Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажодга кўра, Теҳрон томонидан Исроилга қарши кураш учун махсус бўлинма ташкил этилган, лекин бу бўлинма раҳбари Исроил разведкаси “Моссад”нинг агенти бўлиб чиққан. Собиқ президентнинг бу баёноти “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилишидан кейин Эронни жосусликда айбловчи даъволарга жавобан эълон қилинди.
“Биз Исроилга қарши курашиш учун бўлинма туздик, лекин уни бошқарган одам “Моссад” агенти бўлиб чиқди”, дейди Аҳмадинажод.
“Le Parisien” нашри Ливан хавфсизлик хизматларидаги манбасига таяниб, Насруллоҳнинг “Ҳизбуллоҳ” штаб-квартирасига етиб келгани ҳақида Исроил томонига Эроннинг яширин агенти маълумот бергани ҳақида ёзди. “Financial Times” маълумотларига кўра, Исроил разведкаси йиллар давомида “Ҳизбуллоҳ”, уларнинг тузилмаси ва жойлашувини аниқлаш учун катта миқдорда маълумот тўплаган. Бу маълумотлар кўпинча ҳарбийлар турмуш ўртоқларининг телефонлари, телевизор пультлари ва бузилган кузатув камералари орқали олинган.
Хабарингиз бор, икки ҳафта олдин Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ” пейжерларини ва алоқа воситаларини портлатиши ортидан Ливан ва яҳудий давлати ўртасида кескинлашув юзага келди. Ўтган ҳафталар давомида Исроил Ливан ҳудудлари бўйлаб ракета зарбалари ёғдириш билан бирга, қуруқлик қўшинларини ҳам мамлакат ҳудудига олиб кирди. Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил тажовузи оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2000 га яқинлашган, 1,2 млн аҳоли эса уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Воқеалар фонида Франция, Буюк Британия ва Канада ўз фуқароларини мамлакатдан эвакуация қилишга киришди. Бу вақтда эса 100 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли Ливандан қочиб, қўшни мамлакатлар ҳудудига ўтган. 4 октябрь куни БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари хавфсизлик истаб, Сурияга қочиб ўтганлар сони 128 мингга етганини маълум қилди.
30 сентябрга ўтар кечаси ЦАХАЛ Байрут жанубий чеккасига зарбалар бериб, шаҳар марказига биринчи марта ҳужум қилди. Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида “Ҳизбуллоҳ”нинг бир неча етакчилари ҳалок бўлди. Ўша куни ОАВ Исроил зарбаси оқибатида вафот этган “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўрнига унинг амакиваччаси Ҳошим Сафи ад-Динни ташкилотнинг янги Бош котиби этиб сайлаганини ёзди. Бироқ “Ҳизбуллоҳ” бу хабарларни рад этиб, ҳали ўзига етакчи танламаганини маълум қилди.
Ўтган ҳафта АҚШ ва Франция иштирокидаги сулҳни рад этган Исроил уни қабул қилишнинг ягона йўли сифатида “Ҳизбуллоҳ”ни Литани дарёсидан олиб чиқиб, уларни қуролсизлантириш эканини маълум қилди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арoқчи ҳам 4 октябрь куни Байрутга ташрифи чоғида сулҳ масаласига тўхталиб, Ғазода доимий сулҳ бўлмаса, Ливанда сулҳ бўлмаслигини, Ҳизбуллоҳ Фаластинда тинчликка эришилмагунча курашишини маълум қилди.
1 октябрга ўтар кечаси Исроил Мудофаа кучлари Ливан жанубига қуруқлик операциясини бошлади ва уни “Шимол ўқлари” деб атади. Исроил қўмондонлигига кўра, Ливанда қуруқликдаги операция бошланганидан бери ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ”нинг 250 га яқин аъзосини, жумладан 5 батальон командирини йўқ қилган.
ОАВ Исроил бу операциядан Ливан ҳудудида 20 километрлик буфер зонасини яратмоқчилигини айтди. Тель-Авив эса Эронни бу операцияга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди.
Яқин Шарқдаги бошқа араб мамлакатлари вазиятни жим кузатаётган бир пайтда БАА Ливандаги вазиятга ташвиш билдириб, жангларни тўхтатиш ва қон тўкилишини олдини олишга чақирди. Урушдан жабр кўрган ливанликларга ёрдам беришини маълум қилди.
1 октябрь куни “Ҳизбуллоҳ” ўзининг навбатдаги кичик ракета зарбалари ҳақида хабар берди. Бу сафар нишонлар “Моссад” қароргоҳи ва Исроилнинг 8200 разведка базаси бўлди. Ҳужум оқибатида 1 нафар исроиллик ҳалок бўлди.
2 октябрь куни Исроил кучлари “Ҳизбуллоҳ” объектларига ҳужумни давом эттириб, Байрут жанубидаги ҳудудларга қирувчи самолётлар ва дронлар билан зарба берди. Ливан Соғлиқни сақлаш ташкилоти 24 соат ичида 46 киши ҳалок бўлгани ва 86 киши жароҳатланганини маълум қилди.
3 октябрь куни ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳужумларни давом эттириб, бу ҳужумлар давомида 8 нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлганини ва 7 нафари яралангани ҳақида хабар берди. Шу куни улар шимолий фронтга яна 4 та бригадасини ва қўшимча кучларини юборганини эълон қилди.
Исроилнинг Байрут бўйлаб ракета зарбалари давомида БМТ қароргоҳи, мамлакат Бош вазири идорасида ҳам ёнғин чиқди.
3 октябрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ливан ҳудудига босқини қоралаб, араб давлатининг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг бузилишига қаршилигини билдирди.
Суданда расмий ҳокимият ва “Тезкор ҳаракат кучлари” ҳарбий гуруҳи ўртасидаги фуқаролар уруши мамлакат чегараларидан ташқарига ҳам тарқалмоқда. Хусусан, Судан армияси Бирлашган Араб Амирликлари элчисининг Хартумдаги қароргоҳига ҳужум қилди.
Нашрнинг ёзишича, БАА Ташқи ишлар вазирлиги 30 сентябрь куни Судан ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти БАА элчиси қароргоҳига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берган ва ҳужумни қоралаб, бинога жиддий зарар етказилганини маълум қилган.
БАА Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Судан армияси қўрқоқларча бу ҳаракат учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олиши керак. Шунингдек, Абу-Даби дипломатик бинолар дахлсизлигининг асосий тамойили қўпол равишда бузилган иш юзасидан Араб Лигаси, Африка Иттифоқи ва БМТга шикоят киритишга ваъда берган.
Қайд этилишича, Судан армияси бу айбловларни рад этиб, дипломатик миссиялар қароргоҳига ҳеч қандай зарба берилмаганини маълум қилган ва фақат “Тезкор ҳаракат кучлари” бўлган ҳудудларга ҳужум қилинаётганини таъкидлаган.
Расмий Тошкентнинг муносабатига кўра, Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчиси қароргоҳига Судан армияси томонидан уюштирилган ҳужум қабул қилиб бўлмас ҳолат.
“Дипломатик ваколатхоналар аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмайди”, деган баёнот билан чиқди Ўзбекистон ТИВ.
Шу ўринда эслатиб кетай, Судандаги вазият 2023 йил баҳорида кескинлашган. Бунга Судан Қуролли кучлари Бош қўмондони Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ва “Тезкор ҳаракат кучлари” раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагло ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган. Натижада Мероэ шаҳри ва мамлакат пойтахти Хартумдаги ҳарбий база яқинида армия ва махсус кучлар ўртасида тўқнашувлар бошланган.
Улар ўртасидаги 17 ойлик қарама-қаршилик давомида 10 миллиондан ортиқ суданлик қочқинга айланган ва 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Комил Алламжонов Президент Администрациясидан кетди
Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари Комил Алламжонов Президент фармони билан лавозимидан озод этилди. Энди у фаолиятини хусусий секторда давом эттиради.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Алламжоновнинг кетиши билан боғлиқ хабарни эълон қиларкан, унда Алламжонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганини ёзган. Бироқ Алламжоновга бошқа лавозим берилмади.
Бугунгача Президент Администрациясига кимлар келди, кимлар кетди. Умурзоқов дейсизми, Низомиддинов дейсизми... Лекин уларнинг ҳеч бири билан хайрлашув онлари акс этган видео эълон қилинмади. Алламжонов лавозимидан олингач, Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида у билан хайрлашаётгани акс этган видео ёйинланди. Унда Мирзиёева Алламжоновга профессионализми учун миннатдорлик билдирган бўлса, Алламжонов Президент Мирзиёевнинг мақсад ва ғояларига садоқатини ифода этган ва бундан буён хусусий секторда фаолият юритишини билдирган.
Алламжоновнинг бўёғига хусусий секторда нима билан шуғулланиши ҳозирча ҳеч кимга маълум эмас. Ҳар ҳолда у бир эмас, бир қанча бизнеслар эгаси. Илк бизнесини Давлат солиқ қўмитасида ишлаб юрганида бошлаган Алламжонов “Солиқ инфо” газетаси, “BEM” бухгалтерлик фаолиятини автоматлаштириш дастури, кейинчалик “Avtotest” автомактаби ва “Autodriver Study” ҳайдовчиларни имтиҳон қилиш маркази ва бошқа кўплаб лойиҳалар асосчиси ҳисобланади.
Британиялик супермодель Наоми Кэмпбелл Ўзбекистонга келди
Британиялик супермодель, актриса ва қўшиқчи Наоми Кэмпбелл Тошкентда ташкиллаштирилган Креатив иқтисодиёт бўйича IV Жаҳон конференциясида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди. Конференцияда Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, Сенат Раиси Танзила Норбоева, Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этган.
Конференцияда 80 дан ортиқ мамлакатдан 2000 дан зиёд иштирокчи креатив соҳалар келажагини муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар яратиш учун йиғилди.
Наоми Ўзбекистондаги йирик тадбирда кўриниш берган куни глобал тармоқ, жаҳоннинг энг кўзга кўринган оммавий ахборот воситаларида у хайрия лойиҳаларидан тушган маблағларни маишатга сарфлагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Гап шундаки, 54 яшар Кэмпбелл “Fashion for Relief” хайрия ташкилотига раҳбарлик қилади.
2019 йилда Британия музейида бўлиб ўтган “Fashion for Relief” машҳур мода кўргазмаси ва хайрия аукционида Кэмпбелл UNICEF ва Лондон мэрининг фонди учун пул йиғишини айтган. Бироқ UNICEF’нинг Буюк Британиядаги ваколатхонаси ўз баёнотида ҳеч қачон “Fashion for Relief” жамғармаси билан расмий ҳамкорлик қилмагани ва 2019 йилги тадбирдан умуман маблағ олмаганини маълум қилган.
UNICEF 2022 йилда Англия ва Уэльсдаги хайрия комиссиясига Наомининг хайрия фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этган. Унда хайрия ташкилотининг розилигисиз ва потенциал донорларни чалғитадиган тарзда UNICEF брендидан фойдаланилгани қайд этилган.
UNICEF’нинг ҳисоботи қонуний текширувлар доирасида кенгроқ далиллар ва маълумотлар билан кўриб чиқилган ва ўтган ҳафта ўз натижаларини эълон қилган.
Ҳисобот шуни кўрсатдики, жамғарма 2016 йилдан бошлаб беш йил давомида бир қатор мода намойишларидан тахминан 4,8 миллион фунт стерлинг (6,4 миллион доллар) олган. Улардан атиги 389 минг фунт стерлинг (520 минг доллар) хайрияга йўналтирилган. Пулларнинг асосий қисми эса Кэмпбелл учун меҳмонхоналар, хавфсизлик, сигареталар ва бошқа шу каби шахсий эҳтиёжларга сарфланган.
Шу сабабдан “Fashion for Relief” хайрия ташкилотлари рўйхатидан ўчирилди ва Кэмпбелл беш йил давомида хайрия билан шуғулланишдан маҳрум бўлди.
“Сельхоз”да ёнғин
30 сентябрь куни соат 20:10 да Тошкент давлат аграр университетининг Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган биноси ёнди, узоқ ёнди. Аланга 2400 квадрат метр майдонга тарқалиб, тезкор чоралар натижасида 1000 квадрат метр майдон сақлаб қолинган.
Ёнғинни бартараф этишга жами 27 та техника ва 200 га яқин шахсий таркиб жалб қилинган. Ёнғин 21:36 да қуршаб олинган ҳамда 22:10 да батамом ўчирилган. Ёнғинда ўлим ҳолатлари ва жароҳатланганлар аниқланмаган.
Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари маълум эмас, бироқ воқеага гувоҳ бўлганларнинг айтишича, у жуда тез фурсатда бутун бинога тарқалган.
Юз берган ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Тугаётган ҳафтада ёнган фақат “Сельхоз” эмас. 1 октябрь куни Самарқанд вилоятидаги Архитектура-қурилиш институтининг қурилиши тугалланмаган биносида ҳам ёнғин чиқди. Ёнғин оқибатида эски қурилиш маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Хусусий мактабда ўқувчи устозлари томонидан калтакланди
Халқда эти сизники, суяги бизники деган гап бор. Бу нақлни одатда ота-оналар боласини таълим-тарбия олиш учун бирор устознинг қўлига ишониб топшираётганда ишлатади. Лекин бу болани дўппослаш маъносини англатмайди. Ўзбекистонда оилада ҳам, жамоат жойида ҳам, мактабда ҳам болаларга нисбатан доимий равишда тарбиянинг номақбул услубларидан фойдаланиб келинади. Ва афсуски, бундай тарбия усуллари хусусий мактабларда ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистонда хусусий таълим муассасалари, боғча ва мактаблар фаолияти анча ривожланди, уларнинг сони кун сайин кўпайгандан кўпайяпти-ку, лекин ҳали хусусий боғча ва мактабларга мос ва хос тарбиячилар, ўқитувчилар жамоаси пайдо бўлмагандек. 10-15-20 йиллаб давлат мактабларида тажриба тўплаган, хусусий мактаб тушунчасидан йироқ ходимлар бугун ўша фалон миллионлик хусусий мактабларни тўлдириб турибди. Қарабсизки, сиз фақат шинам хоналар, ранг-баранг парталар учун пул тўлаётгандексиз. Улардаги таълим сифати, аксар ўқитувчиларнинг муомаласи ва шахсий намунаси анча баҳсли масала. Биз хусусий мактабларни очдик, лекин унга мос кадрларни ҳали етиштирганимиз йўқдек. Хусусан, тугаётган ҳафтада Тошкентдаги хусусий мактабда содир бўлган ҳолат юқоридаги фикрларимни сўзсиз далиллаётгандек.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Тarget хусусий мактабида ўқувчи устозлари томонидан калтаклангани акс этган видео тарқалди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мазкур хусусий мактабнинг 2008 йилда туғилган 9-синф ўқувчисига мактабнинг икки ўқитувчиси томонидан жисмоний куч ишлатилган. Тайинланган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ўқувчига енгил тан жароҳати етказилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўқитувчиларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний чора кўриш учун мазкур иш материаллари Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судига юборилган.
Ўзи асли ўқувчилар ҳам авлиё эмас, албатта. Бунда фақат ўқитувчини айблашдан осони йўқ. Уйда кўрмаган тарбияни таълим даргоҳидан ва ўқитувчидан талаб қилиш ҳам нотўғри. Масалан, шу ҳафта содир бўлган навбатдаги ҳолатда Бухородаги касб-ҳунар коллежида ўқитувчи тарих фанида ўқувчини бир тарсаки билан “сийлаган”.
Янгийўлдаги мудҳиш воқеа
Ҳозирги айтадиган хабарим ҳам Ўзбекистонда болаларга нисбатан давом этаётган муносабатнинг навбатдаги инъикоси. Тугаётган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Янгийўлда 3 ёшли қизалоқ катта ёшли эркак томонидан зўрлангани, маҳаллий аҳоли уни ушлаганда эркакнинг ёнидан гиёҳвандлик моддаси топилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу гапларга аниқлик киритган Тошкент вилояти ИИББга кўра, 2 октябрь куни Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаро шаҳар ИИБ бошлиғи номига мурожаат қилиб, вояга етмаган 2020 йилда туғилган 4 ёшли қизига нисбатан номаълум шахс ғайритабиий усулда зўрлик ишлатгани ҳақида маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 1983 йилда туғилган 41 ёшли эркак гумонланувчи тариқасида ушланган. Шунингдек, ўрганишлар жараёнида гумонланувчининг ёнида 15 грамм гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, унинг Янгийўл тумани ҳудудида жойлашган яшаш хонадони холислар иштирокида текширилганида, хонадон ошхонасидан 20 дан ортиқ елим идишларда, майдаланган ва қуруқ ҳолдаги “марихуана” гиёҳвандлик моддалари топилган, топилдиқлар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро процессуал тартибда ушланган.
Ҳолатга биринчилардан бўлиб муносабат берган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳолатни тўлиқ назоратга олганини айтиб, марказ томонидан ушбу оилага психологик хизмат кўрсатилаётганини билдирган. Шунингдек, жабрланувчига суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилган.
Болалар омбудсмани ҳам ҳолат назоратга олинганини билдириб, гумонланувчи шахс 2021 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турганини маълум қилган.
Бу ҳолатда 41 ёшли эркак бу қизга ҳақиқатдан тегажоғлик қилгани ёки номусига теккани ҳолати ўз тасдиғини топмаган. Ҳозирда олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ва жабрланувчига нисбатан тайинланган экспертиза натижаси ҳолатга ойдинлик киритади.
Ўқувчи футбол майдончасидаги дарвоза тагида қолиб, вафот этди
Тошкент шаҳрида 11-синф ўқувчиси футбол майдончасидаги дарвоза тагида қолиб, вафот этди.
Воқеа жорий йилнинг 27 сентябрь куни содир бўлган бўлса-да, унинг иси тугаётган ҳафтада чиқди. Воқеа Олмазор туманидаги 134-мактаб спорт майдонида содир бўлган. 133-умумтаълим мактабининг 17 ёшли ўқувчиси соат 20:00 ларда овқатланишга, ундан сўнг 21:00 ва 22:00 лар атрофида 5 нафар синфдоши билан футбол ўйнагани борган. Футбол ўйнаб бўлгандан сўнг кетмоқчи бўлиб турганда, бола дарвозага осилган. Лекин у мувозанатни ушлай олмай чалқанча йиқилган ва устига дарвоза тушиб, унинг тагида қолган.
Ўқувчилар дарвозани кўтариб, тез ёрдам чақирган ва тез ёрдам деганлари доимгидек “после пожар”, 40 дақиқада тез ёрдам келган. Бола Тошкент Педиатрия институтига олиб борилган, бироқ уни реанимацияга олиб кириб кетишаётганда соат 23:45 ларда қорин ёпиқ жароҳати, жигар ёрилиши, жигар венаси узилиши, ички қон кетиши, травматик шок оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Шавкат Мирзиёев Саудияга етиб борди.
11 Ноябрь
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь