ССВ болалар орасида инфекция тарқалаётганини рад этди
Жамият
−
27 Октябрь 2698 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда болалар орасида мавсумий ўткир респиратор вирусли касалликларга ўхшаш, лекин ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари бўлган инфекция тарқалаётгани билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, шамоллаш мавсумининг бошланиши одатда август ойининг охири ва сентябрь ойига тўғри келади. Жорий йилда эса бу муддат бироз кечроқ – октябрь ойининг охирги 10 кунлигида бошланди. Яъни бу ижтимоий тармоқларда айтилаётганидек, ҳеч қандай ғайриодатий ҳолат эмас.
“Баъзида респиратор белгилар йўталиш, аксириш, бурун ачишиши, тана ҳарорати кўтарилиши билан кузатилса, айрим беморларда ошқозон-ичак тизимининг бузилиши тарзида намоён бўлади. Демак, бу хасталиклар ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва мазкур ҳолат вируснинг штаммлари билан боғлиқ”, дейилади хабарда.
Вазирликка кўра, мавсумий респиратор касалликлар авж олишини коронавирус мутацияси сифатида баҳолаш ҳам мутлақо ўринсиз. Қолаверса, бугунга келиб COVID-19 оддий респиратор инфекцияга айланиб улгурган. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда коронавирус бўйича вазият барқарор. Ҳозирда тиббиёт муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекцияларни даволаш учун зарур ўрин-жой ва дори-дармон захиралари яратилган. Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Шунингдек, ота-оналарга касаллик белгилари кузатилган фарзандларини ўз вақтида оилавий шифокор кўригига олиб бориш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарланганди. Бунинг ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилди. Мактабгача таълим ташкилотларига олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Live
Барчаси