Оммавий заҳарланган болалар тўлиқ соғайгани айтилди. Фақат 3 бола шифохонада (видео)

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ва ушбу иш ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу болаларнинг асосий қисми тўлиқ соғайди ва уйга жавоб берилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугун, 30 сентябрь соат 14:00 ҳолатига асосан, шифохонада фақат 3 нафар тарбияланувчи қолган. Улар заҳарланишдан тўлиқ соғайган бўлса-да, даволаш жараёнида уларда аввалдан мавжуд бўлган касалликлар аниқланган. Шу туфайли ушбу болалар қўшимча тиббий кузатув остида қолдирилган.

“Бу болаларнинг аҳволи ҳам барқарор ва яқин кунларда уйларига жавоб берилади. Тиббий тадбирлар тўлиқ якунланди. Шифохоналар ўзининг одатий иш тартибига қайтди”, дейди у.

Отабеков ана шундай ҳолатлар яна кузатилишининг олдини олиш мақсадида Санэпидқўмита барча таълим муассасаларида овқатланиш хизмати устидан назоратни кучайтирмоқчилигини айтди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, барча болалар соғайиб, ўз оилалари бағрига қайтган.

“Барча фарзандларимиз соғайиб, уларнинг саломатлигига хавф йўқлиги тўлиқ тасдиқланди. Даволаш жараёнлари шифокорлар назоратида самарали ташкил этилди ва болалар ўз оилалари бағрига қайтди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирликнинг қайд этишича, 2 октябрдан бошлаб барча мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини одатий иш режимида давом эттиради.

“Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, айрим боғчаларимизда умумий овқатланиш хизматлари хусусий корхоналар томонидан аутсорсинг тизими орқали йўлга қўйилган. Шартномаларда санитария талаблари ва меъёрларига қатъий риоя қилиш белгиланган.

Шу билан бирга, вазирлик ўз масъулиятини чуқур ҳис қилади ва назорат механизмларини янада кучайтиради”, дея таъкидлайди вазирлик.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги баёнотида айтилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда воқеа тафсилотлари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Камчиликлар аниқланса, тегишли шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади.

“Вазирлик болаларимизга овқатланиш хизмати кўрсатаётган барча ташкилотларга мурожаат қилади: фарзандларимиз соғлиги – энг катта масъулият. Санитария талабларига беписандлик ёки озиқ-овқат сифати ҳисобига харажатларни қисқартиришга мутлақо йўл қўйилмайди. Жойларда кўрсатилаётган аутсорсинг хизматлари сифати устидан назорат тизими янада кучайтирилади.

Бу жараёнга ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоатчилик комиссияси ҳам жалб этилиб, уларнинг хулосалари жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур иш ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Тергов ишини синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Олдинроқ, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилганди. Мактабгача таълим ташкилотларига олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.

29 сентябрь соат 12:00 да Тошкент вилоятидаги шифохоналарда даволанаётган болалар сони 38 киши эди. Уларнинг аҳволи барқарор, касаллик енгил шаклда кечаётганди. Оғир ёки асоратли ҳолатлар қайд этилмаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти Нурмат Отабеков боғча болалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг