Болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар йўқ – Бош прокуратура
3-саҳифа
−
29 Сентябрь 3994 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу иш ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Билдирилишича, тергов ишини синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Тергов давомида ушбу аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши, ташхис-даволаш ишлари ташкил этилган.
“Ҳозирда тиббий ёрдам кўрсатилган болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар мавжуд эмас, вазият шифокорларнинг тўлиқ назоратида”, дейилади хабарда.
Шунингдек, юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида прокуратура органлари томонидан барча давлат мактабгача таълим муассасаларига аутсорсинг шартномаси асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилиши юзасидан ўрганиш ишлари ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Мактабгача таълим ташкилотларига олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Live
Барчаси