Абдуқодир Ҳусанов трансфери нега эълон қилинмаяпти?
Таҳлил
−
18 Январь
5467Тан олиш керак 2025 йилнинг январь ойида ўзбек спорти тарихидаги энг йирик ҳодисалардан бири рўй берди. 20 ёшли ўзбекистонлик футболчининг дунёнинг энг кучли жамоларидан бирига ўтиши нафақат Ўзбекистон, балки дунё медиасини ҳам портлатиб юборди ва ҳамон Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ кичик воқеликлар ҳам катта муҳокамалар марказида бўлиб турди. Бугун биз ҳам ортда қолаётган ҳафтада Ҳусанов трансфери билан боғлиқ бир қатор жиҳатларга, ва шунингдек ўзбек ва жаҳон спортида трендда бўлган мавзуларга тўхталамиз.
Ҳусанов “Ман Сити”да қайси рақамда ўйнаши аниқ бўлди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодри Ҳусанов Англиянинг “Манчестер Сити” клубида 45-рақам остида тўп тепиши кутилмоқда. Бу ҳақда “MCFC lads” саҳифаси хабар берди.
Бу рақамда “Манчестер Сити”да италиялик таниқли футболчи Марио Балотелли тўп тепган.
Маълум бўлишича, тез орада Ҳусановнинг виза билан боғлиқ муаммолари ҳал бўлиб, 20 ёшли ҳимоячи Англияга йўл олади ва “Ман Сити” тиббий кўригидан ўтади.
Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик футболчининг янги клубидаги дебюти катта эҳтимол билан Англия чемпионати доирасидаги “Челси”га қарши ўйинга тўғри келади.
Гвардиола Ҳусанов ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди
“Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Пеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг жамоага келиб қўшилиши ҳақидаги саволларга жавоб бермаяпти.
“Шаҳарликлар” устози қишки трансферлар ойнасида жамоага келиши деярли аниқ бўлиб улгурган Абдуқодир Ҳусанов, Омар Мармуш ва Витор Рейс билан бўлаётган вазиятлардан хабардор эмаслигини айтди.
“Мен бу футболчиларнинг бирортаси билан нималар содир бўлаётганини билмайман. Уларнинг келиш-келмаслиги ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман”, дейди Гвардиола.
Маълумотларга кўра, Абдуқодир Ҳусановнинг клубга қўшилиши кечикаётганига сабаб, ҳимоячи Буюк Британияга кетиш визаси чиқишини кутяпти. “Манчестер Сити” 17 январь куни расман эълон қилиши кутилмоқда.
Инсайдер Фабрицио Романо ҳам ўз Х саҳифасида Ҳусанов трансфери бўйича пост қолдирди.
“Трансфер бўйича ҳавотирга ўрин йўқ, иш тез орада тўлиқ якунига етади”, дейди Романо.
Таниқли спорт журналисти Даврон Файзиев ҳам бу ҳолат бўйича муносабат билдрди.
“Гвардиоладан ўйиндан кейин ҳам сўрашди Ҳусанов ҳақида. Ҳеч нарса дея олмайман, кечаям айтгандим буни, деди. Бу нормал жавоб. Йўқ, танимайман, бу нотўғри маълумот демаяпти. Шунчаки ҳали расмий шартнома имзолаб клуб аъзосига айланмаган футболчи ҳақида гапириши нотўғрилигини билади. Клуб расмий медиасига нисбатан ҳам профессионал ёндошув”, дейди Даврон Файзиев.
“Ман Сити” Ҳусановга рақобатчи олиб келмоқда
“Палмейрас”нинг 18 ёшли бразилиялик ҳимоячиси Витор Реис тез орада “Манчестер Сити” футболчисига айланади. Бу ҳақда футбол инсайдери Фабрицио Романо Х саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, клублар трансфер бўйича келишиб олган ва келишув якунланиш арафисида. “Манчестер Сити” Бразилия терма жамоасига Витор учун 40 миллион евро тўлайди. “Шаҳарликлар” раҳбарияти футболчини тезроқ Англияга келишини хоҳламоқда.
Реис марказий ҳимоячи сифатида ўйнайди ва “Палмейрас” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Умумий ҳисобда, ёш ҳимоячи асосий таркибда 22 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урган. “Transfermarkt” интернет портали футболчининг бозор нархини 14 миллион еврога баҳолаган.
Салим Абдувалиев спорт курашлари ассосиацияси раҳбарлигидан бўшатилди
Халқ орасида “Салимбойвачча” номи билан танилган Ўзбекистон спорт курашлари ассосиацияси раҳбари Салим Абдувалиев ишдан олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) биносида ўтказилган сайловда Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев Спорт курашлари ассоциацияси раиси этиб сайланди.
Қайд этиш жоиз, Абдувалиев жорий йил 12 январь куни озодликка чиқарилди. Салим Абдувалиев касаллиги туфайли Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) тартибида жазодан озод қилинди.