“Соқол билан кира олмайсиз”. Соқолли эркак Хитойга киритилмади (видео)
Олам
−
17:05 2170 2 дақиқа
Қозоғистонлик сайёҳлар Хитой билан чегарадаги Хоргос назорат-ўтказиш пунктидан соқоли борлиги учун ўтказилмади. Эркаклардан соқолини олиш талаб қилинган. Бу ҳақда “Ulysmedia.kz” хабар берди.
Қозоғистонликлардан бири Самат Авгановнинг айтишича, у 2022 йилдан бери иш юзасидан Хитойга мунтазам қатнаб келади, аммо аввал бундай талабга дуч келмаган. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 3 сентябрь куни одатдагидек Хоргосга борганида ундан соқолини олиш ёки Қозоғистонга қайтиш талаб қилинган. Шу сабабли у соқолини олган.
Яна бир сайёҳ Чингиз Худойбергановнинг билдиришича, бундай текширувлар бир неча кундан бери амал қилмоқда. Унинг айтишича, соқолли эркакларни полиция ходимлари кутиб олиб, уларга устара берган. Эркаклар соқолини олмагунча чегарадан ўтказилмаган. Худойберганов эса блогер эканини тушунтириб, соқолининг кичик қисмини қолдиришга келишган. Шунингдек, у айрим сайёҳларнинг телефонлари ҳам текширилаётганини айтган.
Ҳозирча очиқ манбаларда чет элликлар ёки қозоғистонликларни Хитойга соқол билан киришини тақиқловчи янги расмий қоида ҳақида маълумот берилмаган. Шу сабабли, бундай талаб Хитойнинг барча чегара пунктларида амал қиладими ёки айнан Хоргос ҳудудига тааллуқлими, шунингдек, унинг ҳуқуқий асоси нима экани номаълум.
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида шу каби чекловлар 2017 йилда ҳам жорий қилинган. Ўша вақтда маҳаллий ҳокимият “ғайритабиий соқоллар”ни экстремистик мафкурани тарқатиш билан боғлиқ белгилар қаторига киритган. Шунингдек, ўша қоидалар юз ва танани тўлиқ ёпиб турадиган кийимлар ҳамда экстремистик рамзлардан фойдаланишни ҳам чеклаган. Бироқ Хоргосда ҳозир кузатилаётган ҳолатлар айнан шу қоидалар билан боғлиқ экани ҳозирча маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистоннинг Панжакент шаҳрида маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар миллий анъаналарга мос келмайди деб баҳоланган кийимларга қарши рейдлар ўтказаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси