Тожикистонда “рўмол рейди” бошланди
Олам
−
10:56 2466 2 дақиқа
Тожикистоннинг Панжакент шаҳрида маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар миллий анъаналарга мос келмайди деб баҳоланган кийимларга қарши рейдлар ўтказмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.
Қайд этилишича, 4 август куни Халқ демократик партиясининг маҳаллий бўлими томонидан эълон қилинган суратларда расмийлар соч, бўйин ва елкани ёпиб турадиган мусулмон рўмолини таққан аёллар ва қизлар билан суҳбатлашаётгани, улар ёнида эса милиция ходими турганини кўриш мумкин.
Ҳокимият бу кампаниянинг мақсади “бегона маданият кириб келишининг олдини олиш ва миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш” эканини билдирган. Бироқ рейдлар қанча аёл ва қизларни қамраб олганига аниқлик киритилмаган.
Манбага кўра, ҳижоб кийиб юрадиган ва ҳокимият вакиллари билан суҳбатдан ўтган айрим аёллар иши ёки шахсий ҳаётида муаммолар юзага келишидан хавотирланиб, журналистларга суҳбат тафсилотларини очиқлашдан бош тортган.
Маълумот ўрнида, 2024 йил июнь ойида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон “Болани ўқитиш ва тарбиялаш учун жавобгарлик тўғрисида”ги қонун ҳамда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларни имзолаган. Уларга мувофиқ, “миллий маданиятга ёт” деб баҳоланган кийимларни олиб кириш, сотиш, тарғиб қилиш ва кийиш тақиқланган. Бу талабларни бузганлик учун жарималар назарда тутилган.
Марказий Осиё қонунчилигидаги “ўзига хос” ва ўхшаш жиҳат бўлгани каби, бир қатор “мавҳум” қонунлар қатори Тожикистон қонунчилигида “ёт кийим” тушунчасига ҳам аниқ таъриф берилмаган. Бироқ амалиётда ҳокимият органлари аёллар ҳижоби ва бошқа диний либосларни тақиқлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия жорий йилнинг 7-8 июль кунлари НАТО саммитига мезбонлик қилиши фонида мамлакатнинг биринчи хоними – Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған бундан 22 йил аввал Туркияда бўлиб ўтган НАТО саммитида давлат ва Ҳукумат раҳбарларининг расмий қабул маросимига фақатгина бошида рўмоли бўлгани учун киритилмагани, орадан йиллар ўтиб, бундай қабул маросими унинг ўзи томонидан ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси