Жанубий Корея собиқ президентининг уйида тинтув ўтказилди

Олам

image

Жанубий Корея прокуратураси собиқ президент Юн Сок Ёлнинг Сеулдаги хонадонида тинтув ўтказди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Тинтув махсус прокурор Ли Мён Хён бошчилигидаги гуруҳ томонидан 2023 йилда ҳалок бўлган денгиз пиёдаси Чхе Су Гин иши бўйича тергов доирасида амалга оширилган. Уч соат давом этган тинтув чоғида собиқ президентнинг уйидан мобил телефон мусодара қилинган. Тинтув вақтида Юн Сок Ёлнинг хонадонида фақат унинг рафиқаси бўлган.

2023 йилнинг ёзида қидирув амалиёти пайтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг ўлими юзасидан олиб борилаётган терговга Юн Сок Ёль аралашганликда гумон қилинмоқда. Президент юқори лавозимли ҳарбийлар жавобгарлигини кўрсатган тергов хулосасидан норози бўлган, деган тахмин мавжуд.

Янги Президент Ли Чжэ Мён июнь ойида учта алоҳида тергов гуруҳини тузган – ҳарбий ҳолат билан боғлиқ воқеалар, денгиз пиёдасининг ўлими ва Юн Сок Ёлнинг рафиқаси атрофидаги коррупция шубҳалари бўйича.

10 июль куни Сеул марказий округ суди махсус прокурор Чо Ин Сокнинг илтимосига биноан Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган. 9 июль куни у ҳибс буйруғи бўйича суд мажлисидан кейин Сеулдаги Уиванг шаҳридаги тергов изоляторига жойлаштирилди ва унга 3617-рақамли маҳбус мақоми берилди. У 6,6 квадрат метрли ёлғиз камерага жойлаштирилган.

Янги тартибга кўра, собиқ президент тиббий кўрикдан ўтган, бўйи ва вазни ўлчанган, суратга олинган ва махсус либос берилган. Камера ичида букиладиган стол, раковина, ҳожатхона, телевизор ва кунига 50 дақиқа ишлайдиган вентилятор мавжуд. Сўнгги кунларда Сеулда иссиқлик рекорд даражада бўлгани сабабли Юн сок Ёлга бошқалардан алоҳида вақтда душ қабул қилишга рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилишга уринган. Шундан сўнг, парламент уни қўзғолонга уринишда айблаб, импичмент эълон қилди.   

У қўзғолонга уриниш ҳақидаги айбловларни рад этиб, ўзининг қарорини “сиёсий жиҳатдан асосли” деб атаган ва у давлатни мухолифатдан ҳимоя қилиш учун қабул қилинганини таъкидлаган. Юннинг сўзларига кўра, мухолифат ҳукумат ишини фалаж қилган.

Жорий йилнинг июнь ойида мамлакатда муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида “Тобуро” демократик партиясидан номзод Ли Чжэ Мён ғалаба қозонди ва бюллетенларнинг 100 фоизи санаб бўлингандан сўнг у 49,4 фоиз овоз тўплади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Сеул тинтув Юн Сок Ёл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг