Собиқ полициячи Флойдни ўлдиришда айбдор деб топилди. У 40 йилгача қамалиши мумкин
Олам
−
21 Апрель 2021
4022Афроамерикалик Жорж Флойдни ўлдиришда айбланаётган собиқ полициячи Дерек Шовен барча моддаларда айбдор деб топилди. Бу ҳақда CBC томонидан хабар берилган.
Шовен иккинчи ва учинчи даражадаги қотиллик, яъни қасддан одам ўлдириш, шунингдек иккинчи даражада эҳтиётсизлик туфайли Флойднинг ўлимига сабабчи бўлганликда айбдор деб топилган. Ушбу жиноятларнинг энг оғири иккинчи даражадаги қотилликдир. Бу учун энг юқори жазо 40 йиллик қамоқ ҳисобланади.
Манбага кўра, Дерек Шовен Миннесота штатидаги қамоқхонага кўчирилган. У Оук-Парк-Хайтс иншоотига кеча, 20 апрель куни маҳаллий вақт билан 16:55 да олиб келинган.
Аввалроқ, Дерек Шовен судда гувоҳлик беришдан бош тортаётгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, ўтган йил 25 май куни Миннеаполисда 46 ёшли америкалик Жорж Флойд Шовен томонидан ўлдирилган. Интернетда собиқ полициячи Флойднинг бўйнига тиззасини босган ва у нафас ололмаётганини такрорлаган видеоролик кўплаб америкаликларнинг ғазабига сабаб бўлган. Полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари Миннеаполисни, кейин Американинг бошқа шаҳарларини қамраб олган ва ҳатто, АҚШ ташқарисига ҳам тарқалган. Бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари тартибсизликларга, бузғунчилик ҳаракатларига, дўконларни ёқиш ва талон-торож қилишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келган.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь