Сиёсатчилар келин-куёв эмас, балки иттифоқчи ва рақибдир — Путин

Олам

image
0:00
0:00
download

Халқаро майдондаги сиёсатчилар бир-бирларига келин-куёв эмас, балки шерик ва рақибдир. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин АҚШнинг NBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. 

Америка раҳбари Жо Байден билан бўлажак учрашув олдидан Владимир Путин АҚШ телеканалига интервью берди. NBC журналисти Кейр Симмонс яқинда Байден томонидан Путин манзилига айтилган шов-шувли сўзларини эслаб, “Сиз қотилмисиз?”, деб савол берди. Бунга Россия раҳбари қуйидагича жавоб қайтарди: 

“Биз халқаро майдондаги ҳамкасбларимиз билан баҳслашамиз. Биз келин-куёв эмасмиз, бир-биримизга абадий севги ва дўстликка қасам ичмаганмиз. Биз шерикмиз ва шунга қарамай вақти келса, баъзи ҳолатда бир-биримиз билан рақобатлашамиз”.

Жорий йилнинг март ойида Америка раҳбари Жо Байден Путинни “қотил” деб билишини айтганди. Россия Президенти NBC телеканалига берган ушбу интервьюсида Оқ уй раҳбарининг шов-шувли сўзларига изоҳ бериб, шундай деди:

“Бундан айбловларнинг ўнтасини эшитганман. Мен ўз фаолиятим давомида турли хил томондан бўладиган бундай ҳужумларга ўрганиб кетганман. Ҳеч нарса мени ажаблантирмайди”.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден жорий йилнинг март ойида ABC телеканалига берган интервьюсида Россия Президентини “қотил” деб билишини ҳамда Путин Америка сайловларига аралашгани учун товон тўлашини таъкидлаган. Байденнинг ортидан Литва Президенти Гитанас Науседа ҳам Владимир Владимировични “қотил”га чиқарганди. Кремль эса бундан баёнотларни жуда салбий баҳолаган.

Маълумот ўрнида, бир неча кундан кейин, аниқроғи 16 июнда Швейцариянинг Женевасида Байден ва Путин ўртасида юзма-юз учрашув бўлиб ўтади. Ҳозирда ушбу учрашувга мезбон давлат томонидан жуда қаттиқ тайёргарлик кетмоқда, ҳатто учрашув вақтида мамлакат ҳаво ҳудуди хавфсизлик нуқтаи назарида парвозлар учун ёпилиши айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг