Сирдарёдаги ИЭСда носозлик туфайли аҳоли “светсиз” қолди
Жамият
−
01 Май 2023
3669Кеча, 30 апрель куни соат 17:15 да Сирдарё иссиқлик электр станциясидаги юқори кучланишли электр қурилмада (ток трансформаторида) носозлик юзага келди. Оқибатда бир неча туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Кечанинг ўзида вилоятдаги истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ қайта тикланган.
Аниқланишича, носозлик оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод, Янгиер ва Ховос туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган. Ушбу ҳудудлардаги референдум участкалари дизел генераторлари билан таъминлангани учун уларнинг электр таъминотида узилишлар бўлмаган.
Хабарга кўра, мавжуд етишмаган қувватлар Тошкент ва Навоий иссиқлик электр станциялари ва “Чорвоқ” гидроэлектр станциясининг захира қувватлари ҳисобидан таъминлаб турилган.
Айни пайтга келиб Сирдарё иссиқлик электр станциясидаги юқори кучланишли электр қурилмада юзага келган носозлик бартараф этилиб, вилоят истеъмолчиларининг электр таъминоти тўлиқ қайта тикланган. Айтилишича, иссиқлик электр станцияси барқарор ишламоқда.
LiveБарчаси