Синглимга икки ўқ узилган, ички аъзолари олиб ташланган – Нодира Қодированинг акаси
Жамият
−
09 Октябрь 2019
50286Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида собиқ генерал, “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати Ширин Уналнинг уйида оқсоч бўлиб ишлаган ўзбекистонлик 23 яшар Нодира Қодированинг вафоти билан боғлиқ вазият кундан-кунга чигаллашиб боряпти. Нодира Қодирова 25 сентябрь куни Ўзбекистонга келтирилди ва дафн этилди.
Қодирова вафот этган куни депутат Ширин Унал унинг Туркияда яшаётган акаси Муҳаммадали Қодировни уйига чақириб, синглиси ўз жонига қасд қилганини айтган. Шу куннинг ўзида суд-тиббий экспертиза ишлари зудлик билан якунланиб, жасад Ўзбекистонга олиб кетилишига рухсат берилган.
Бугунгача Муҳаммадали Қодиров синглисининг вафоти бўйича ҳеч бир ташкилотга мурожаат қилмаган эди. Фақатгина унинг вафоти ва суд-тиббий экспертиза ишлари зудлик билан якунлангани шубҳали эканини айтиб келаётганди.
Қодированинг жанозасидан икки ҳафта ўтиб, акаси Муҳаммадали Қодиров ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат билан чиқди. Унинг қайд этишича, Қодированинг баданидан айтилганидек бир эмас, балки иккита ўқ изи топилган. Бундан ташқари, у ваҳшийларча дўппосланган. Энг ачинарлиси эса, суд-тиббий экспертизасини ўтказиш давомида унинг бадани кўкрак қисмидан то қорин соҳасигача кесилган, ички аъзолари эса олиб ташланган. У ўз мурожаатида шундай дейди:
“Жаноза ва бўлиб ўтган воқеалардан кейин сизга қисқа маълумот берсам. Дафн маросимидан аввал синглимни ювинтирдилар. Ўша вақт кўрганларимга ишонгим келмаяпти. Менга фақат ўз жонига қасд қилди, танасида бир дона ўқ изи бор дейишганди. Аммо улар иккита. Чап кўкрагининг устида бир ўқ изи бор. Бел қисмининг орқаси, буйрак соҳасига ҳам ўқ узилган. Умумий ҳисобда икки марта ўқ узилган. Ўқ отилган қисмларни эса тикишган.
Темир ёки тўппончанинг орқа тарафи билан уришганми, билмадим, аммо синглимнинг бўйин соҳаси энса қисмида ҳам зарба излари бор эди. Бу ваҳшийлик. Инсон зотига хос иш эмас. Уларни инсон дейишга уяляпман”.
Муҳаммадали Қодиров мазкур воқеаларни сиёсатга боғлаган. Маълумки, Ширин Унал мамлакатдаги энг кўзга кўринган депутатлардан бири. У Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Анқара депутатлига сайланган. Муҳаммадали Қодиров ўз сўзида давом этаркан, Президентга алоқадор партия депутатининг уйида шундай ҳодисалар рўй бериб тургандан кейин, бошқалардан нима кутиш мумкин деган савол кўринишида мурожаат этади.
“Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси депутати, истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг уйида шундай ишлар бўлган бўлса, бир томондан Туркиянинг юзи ва кўзи бўлган бир амалдор бу ишларга қўл урган бўлса, ортидан эргашган ёшлар нималарга қўл уришини билмайман ҳам”.
Қодировнинг навбатдаги гаплари кишини янада даҳшатга солади. Унинг маълум қилишича, жасаднинг барча ички аъзолар суд-тиббий экспертизаси давомида олиб ташланган.
“Синглимнинг чап кўзи, қолаверса, танасининг бошқа қисмлари ҳам кўкарганди. Яъни синглимни ваҳшийларча дўппослашган. Синглимнинг жасадини кўрган аёлларнинг айтишича, унинг танасини бўғзидан то пастгача ваҳшийларча йиртишган. Барча ички аъзоларини олиб ташлашган. Синглимнинг ичи бўм бўш эди”, дейди Қодиров.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Нодира Қодированинг оиласи вакилиги ўлароқ ушбу ишда адвокатлик қилиш масъулиятини Дастлаб аёллар ва болалар уюшмаси раҳбари Мужде Тозбей Эрден ўз гарданига олган эди. Бироқ, куни кеча Мужде Тозбей Эрден адвокатликдан истеъфо берганини маълум қилди. Бунга Нодира Қодированинг оила аъзолари билан фикрлари қарама-қарши келганини сабаб қилиб кўрсатди. Қодиров эса айни вақтда бошқа адвокат билан ишлаяпти.
“Агар бу видеони кўрсангиз, мазкур жиноят ишини ёпиб юбормаслигингизни илтимос қиламан. Қўлингиздан келганича ёрдам беринг. Мен билан боғлиқ қандай саволларингиз бўлса, адвокатим Бирол Ўзтурк билан мулоқот қилишингиз мумкин”.
Аввалроқ тарқатилган хабарларда Муҳаммадали Қодиров самолёт чиптаси учун 482 АҚШ доллари ва жасадни олиб кетиш учун 1450 АҚШ доллари миқдоридаги пулни депутатнинг ҳайдовчисидан олганини айтган эди. Бу орада ишни ёпди-ёпди қилишга уринишлар бошланди. Шундан кейин, марҳуманинг акаси синглисининг вафоти ҳақида тилини тийиб юриши ва шикоят қилмаслик учун мўмайгина пул олгани ҳақида гаплар тарқалди. Бироқ, Муҳаммадали Қодиров буларни инкор этмоқда.
“Шуни билингки , депутат Ширин Унал менга пул бергани йўқ. Матбуотда ва видеоларда марҳуманинг оиласи, акаси депутатдан пул олиб деган гапларни ўқидим. Интернетдаги ғийбатларга ишонманг. Мен ҳеч кимдан пул олганим йўқ, олмайман ҳам. Ширин Уналга эса лаънатлар бўлсин. Ҳатто, қўнғироқ қилиб таъзия билдирмади, бирор эҳтиёжингиз борми деб сўрамади. На оиласи, на ўзи биз билан мулоқотга чиқди.
Ҳамма менинг пул олганимни иддао қиляпти. Етар! Мен сизга дунёнинг пулини берай, сиз менга синглимни қайтариб беринг”, дейди Нодира Қодированинг акаси.
LiveБарчаси