Сингапур автобусларида баланд мусиқа учун катта жарима белгиланди
Олам
−
08:47 333 2 дақиқа
Сингапур жамоат транспортида йўловчиларнинг бошқаларга халақит берувчи хатти-ҳаракатлари учун жарималар жорий этилди. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Қайд этилишича, янги қоидалар жорий йилнинг 23 сентябрдан кучга кирган. Унга кўра, автобусда баланд овозда мусиқа ёки видео қўйиш, ўриндиқларга оёқ қўйиш, чиқинди ташлаш, шунингдек, транспорт воситасида овқатланиш ва ичимлик ичиш каби ҳолатлар учун жарима белгиланган.
Сингапур Ер транспорти бошқармаси (LTA) янги тартибдан мақсад жамоат транспортида барча йўловчилар учун хавфсиз, ўзаро ҳурматга асосланган ва қулай муҳит яратиш эканини билдирган.
Қоидаларга кўра, автобус бекатлари ва терминалларида бошқа йўловчиларга хавф туғдириш ёки уларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш, шунингдек, автобуслар ва бекатларни ифлослантириш учун жарима миқдори 5 минг Сингапур долларигача (2 942 фунт стерлинг) етиши мумкин.
Ушбу ўзгаришлар Сингапур парламенти томонидан 2025 йил октябрь ойида қабул қилинган қонунчилик тузатишлари асосида амалга оширилган. Аввалроқ шунга ўхшаш талаблар мамлакат темирйўл транспортида ҳам амал қилган.
Янги тартиб ижросини автобус ҳайдовчиларининг ўзи назорат қилмайди. Сингапурнинг тўртта жамоат транспорти операторида ишловчи ваколатли ходимлар қоидабузарликда гумон қилинган йўловчиларга маъмурий билдиришнома бериши мумкин. Кейинчалик ҳолат LTA томонидан текширилади.
Ҳайдовчилар эса тартибни бузаётган йўловчидан автобусни тарк этишни талаб қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Жиддий ҳолатларда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиниши мумкин.
LTA янги қоидаларни қўллашда, айниқса, жисмоний ёки руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлган йўловчиларга нисбатан адолатли ва эҳтиёткор муносабатда бўлиш зарурлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Сингапур жамоат транспортида шовқинни камайтириш чораларини аввал ҳам кўрган. 2024 йил декабрь ойида автобусларда йўловчиларни шовқин қилмасликка, фақат битта ўриндиқни эгаллашга ва полга ўтирмасликка чақирувчи белгилар ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция парламенти 2027 йил январдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонунни қабул қилган эди.
Live
Барчаси