Францияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
World
−
22 July 1034 3 minutes
Франция парламенти 2027 йил январдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Шу тариқа, Франция Европада бундай чекловни жорий этган биринчи давлатга айланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қонунга кўра, мамлакат ҳудудида ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқчи бўлган барча фойдаланувчилар ўз ёшини тасдиқлаши шарт бўлади. Мазкур ташаббус болалар руҳий саломатлигини ҳимоя қилиш ва уларни интернетдаги зарарли контентдан асраш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, Франция Президенти Эммануэль Макрон ушбу қарорни қўллаб-қувватлаб, уни ёшлар хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаган.
Қонун икки босқичда кучга киради. Жорий йилнинг сентябридан бошлаб 15 ёшга тўлмаган шахслар янги ижтимоий тармоқ аккаунтларини очолмайди ҳамда янги фойдаланувчилар учун ёшни тасдиқлаш мажбурий бўлади. 2027 йил январдан эса ушбу талаб барча мавжуд аккаунтларга ҳам татбиқ этилади. Натижада Франциядаги барча фойдаланувчилар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун камида 15 ёшга тўлганини тасдиқлаши керак бўлади.
Қонун кучга киргач, Meta, TikTok, Snapchat ва X каби платформалар Франция махфийлик бўйича регулятори тасдиқлаган ёшни текшириш тизимларидан фойдаланишади.
Бироқ қонун юзасидан танқидлар ҳам мавжуд. Мутахассислар ёшни текшириш тизимларининг ишончлилиги, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ҳамда вояга етмаганларнинг тақиқни четлаб ўтиш эҳтимоли борасида хавотирда. Шунингдек, айрим сиёсатчилар қонун жуда қисқа муддатда ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганини таъкидламоқда.
Франция рақамли технологиялар вазири Анн Ле Хенанфф эса бу эътирозларга жавобан ёшни тасдиқлаш технологиялари аллақачон мавжудлиги ва уларни амалиётга жорий этиш имконияти етарли эканини маълум қилган.
Маълумот учун, Франция мазкур чекловни жорий этган дунёдаги иккинчи давлат бўлди. Аввалроқ Австралия 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган эди. Маълумотларга кўра, тақиқ кучга кирганидан кейин ҳам 16 ёшгача бўлган ҳар 10 нафар боланинг 7 нафари турли йўллар билан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда давом этган.
Ғарбий Австралиядаги Кертин университети профессори Тама Ливернинг фикрича, Австралия тажрибаси техник жиҳатдан кутилган натижани бермаган бўлса-да, бундай чекловни амалда жорий этиш мумкинлигини кўрсатган. Унинг айтишича, ёшлар бундай қарорларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб этилиши лозим.
Профессорнинг фикрича, Францияда барча фойдаланувчилар учун ёшни тасдиқлаш мажбурий этиб белгилангани қонуннинг самарали ишлаш эҳтимолини оширади.
“Барча фойдаланувчилар учун ёшни тасдиқлаш талаби жорий этилгани сабабли, Франциядаги тизим Австралияникига қараганда самаралироқ ишлаши мумкин. Бироқ бу шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан боғлиқ хавфларни ҳам юзага келтиради. Бундан ташқари, бундай чеклов ёшларни камроқ назорат қилинадиган онлайн платформаларга ўтишга ундаши, уларнинг янгиликлардан хабардор бўлиши ҳамда фуқаролик ва сиёсий жараёнлардаги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея ҳукумати 14 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт очишини чеклаш масаласини кўриб чиқаётган эди.
Live
All