СИ икки минг йиллик қўлёзмани ўқишга ёрдам берди

Олам

image

Олимлар сунъий интелект ёрдамида тахминан 2000 йил аввал Везувий вулқони отилиши оқибатида куйиб кетган қадимий папирус ўрамини виртуал тарзда очиб, ундаги матнни ўқишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

Тадқиқотчилар PHerc 1667 деб номланган қўлёзма ичидаги 20 та устундан иборат, илгари номаълум бўлган матнни тиклаган. Тикланган матн бир метрдан ортиқ папирус ўрамининг сақланиб қолган қисмига тегишли. Топилган матн стоик фалсафасига оид бўлиб, унда этика, санъат ва инсон хулқ-атвори ҳақидаги мавзулар ёритилган. Мутахассислар у милоддан аввалги II ёки III аср охирларига тегишли бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Мазкур қўлёзма қадимги Ҳеркуланеум шаҳридаги ҳашаматли вилла кутубхонасидан топилган ҳужжатларга киради. Бу шаҳар ҳам Помпей сингари милодий 79 йилда Везувий вулқони отилиши оқибатида вайрон бўлган. Қўлёзмани очишга қаратилган аввалги уринишлар муваффақиятсиз якунланган ва унинг ташқи қатламлари емирилиб кетган. Ҳозирда унинг тахминан 8 см баландлик ва 2 см кенгликдаги қисмигина сақланиб қолган.

Неапол Федерико II университетининг олимаси доктор Федерика Николарди ушбу ютуқни муҳим илмий натижа сифатида баҳолаб, замонавий технологиялар ёрдамида бу каби объектларни тўлиқ очиш имконияти пайдо бўлганини таъкидлаган.

Мазкур натижа Неаполда ўтказилган конференцияда эълон қилиниши режалаштирилган бўлиб, у 2023 йилда бошланган Весувиус Чалленге лойиҳасининг навбатдаги ютуғи ҳисобланади. Ушбу халқаро танлов қадимий Ҳерсуланеум папирусларини сунъий интеллект ҳамда замонавий дастурий ечимлар орқали ўқишга қаратилган. Лойиҳа давомида иштирокчиларга рентген тасвирларидан фойдаланиб, куйган қўлёзмаларни виртуал очиш ва матнни тиклаш бўйича бир неча юз минг долларлик мукофотлар берилган.

Ҳерсуланеум кутубхонасидаги қўлёзмаларнинг аксарияти гадаралик эпикурчи файласуф Филодем асарларига тегишли. Бироқ PHerc 1667нинг муаллифи ҳам, номи ҳам ҳозирча аниқланмаган. Бироқ унинг ёши ва мазмуни бошқа муаллифга ишора қилмоқда.

Николарди ва унинг жамоаси таҳлилига кўра, матн стоик фалсафасига оид рисола ҳисобланади. Тадқиқотчилар уни машҳур файласуф Хрисипп қаламига мансуб бўлиши эҳтимолини ҳам илгари сурмоқда. Матнда унинг шогирди ва қариндоши Аристокреон ҳақида ҳам эслатма учрайди. Олиманинг қайд этишича, агар бу қўлёзма Ҳерсуланеумдан ташқарида топилганида, уни аниқ стоик асар сифатида таснифлаш мумкин бўларди.

Тадқиқотлар Брент Сеалс ишланмалари асосида ривожланган. Унинг ёндашуви бўйича сунъий интеллект рентген тасвирларида папирус толаларидаги жуда нозик фарқлар орқали яширин сиёҳ изларини аниқлашга ўргатилган. Мазкур технология куйган қўлёзмаларни виртуал тарзда “очиш” имконини берган.

Рисолада стоик фалсафасининг асосий тушунчалари импульс ва амалий донишмандлик ҳақида фикрлар баён этилган. Унда инсон ўз хатти-ҳаракатини ақл билан бошқара олмаса, бу уни мақсаддан чалғитувчи эҳтиросларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар бор. Бир парчада эса ақл ва инсон табиатига мос яшаш билимга эришишда муҳим омил экани айтилади.

Шунингдек, яна бир папирус ўрамида “Филодем, Худолар ҳақида, 8-китоб” деган ёзув аниқланиб, илгари “Худолар ҳақида” асари фақат битта китобдан иборат деб ҳисобланган бўлса, энди унинг кўп жилдли асар экани маълум бўлди.

Олимлар фикрича, бу каби топилмалар куйган папируслар “ўлик китоблар” эмаслигини, аксинча, замонавий технологиялар туфайли яна “сўзлай” бошлаган қадимий билим манбаи эканини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, тадқиқотчилар сунъий интеллект ёрдамида 400 йилдан буён ўқилмаган “Borg cipher” қўлёзмасини қисман ечиб, ундаги қадимий тиббий тавсияларни аниқлашга муваффақ бўлганди.

Мумтозбегим Абдумўминова


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг